ЎзА Ўзбек

06.11.2019 Чоп этиш версияси

Абдулазиз МАНСУР: «Халқимиз тақиқларга қарамай динсиз яшамаган»

Абдулазиз МАНСУР: «Халқимиз тақиқларга қарамай динсиз яшамаган»

Кейинги уч йил орасида муқаддас ислом динини янада тараққий эттиришга давлат томонидан берилаётган эътибор халқимизни тобора жипс бўлишга ундамоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори билан мамлакатимизда ташкил этилган Халқаро ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши бунга яққол мисолдир. Марказнинг асосий мақсади эътиқоди ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборатдир. Маълумки, юртимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келган. Ҳар қандай тажовузларга, чеклашларга қарамай, халқимиз қалбидаги исломга бўлган имон сўнмади. “Чингизу Боту тиғ”лари, советларнинг отиш-чопишлари, сургун-авахталари ҳам чин мусулмонларнинг эътиқодларига зарар етказолмади. Кишиларимиз динсиз яшамадилар. Бу жараён, яъни исломий таълим-тарбия яқин тарихимизда, хусусан, дин ҳақида гап кетганда қора тушдай эсланадиган собиқ шўро замонида қандай кечди? Қатағонлар даврида ёшларга нафақат ҳалол-ҳаромни ажратиш, айни пайтда диний арконларни мукаммал эгаллаш юзасидан берилган диний таълим халқимизнинг келажак ҳаётида қанчалик аҳамиятга эга бўлди? Мазкур масалага бугун қай даражада эътибор берилмоқда?

Мамлакатимизда янги ташкил топган Халқаро ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари, таниқли исломшунос олим, Қуръони карим таржимони, истеъдодли хаттот Абдулазиз МАНСУР билан суҳбат ана шу ҳақда бўлди.

— Ҳурматли шайх ҳазратлари! Маълумингизки, кейинги пайтларда телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда ёшларга исломий билим бериш ҳақида бир қатор баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди ва ҳамон давом этмоқда. Ўтган етмиш йилдан ортиқроқ вақт мобайнида халқимизга “атеистик” тарбияни сингдиришга уриниб келинди. Айтиш керакки, бунга кўп соҳаларда эришилди ҳам. Кейинги ўттиз йилда эса ана шу “тарбия” оқаваларини тозалаш йўлида бир қадар жидду жаҳд қилинди. Тарихда яшаб ўтган улуғ алломаларимизнинг хоки туроблари устида мақбаралар қурилди, йиллар давомида қаровсиз қолган азиз жойлари зиёратгоҳларга айлантирилди. Уларнинг ислом дини ва дунёвий билимлар билан боғлиқ асарлари, одоб-ахлоқ борасидаги дурдоналари халққа етказилди ва бундай хайр¬ли ишлар давом эттирилмоқда. Аммо динсизликка асосланган коммунис¬тик ғоя бир неча авлоднинг онгу шуурини бузишга улгурган эди. Оқибат эса маълум: мамлакатда коррупция, порахўрлик, халқ мулкини талон-торож қилиш... Уларни бартараф этишга қаратилган қонунлар етарли. Аммо фақат заминий қонунлар билангина инсоннинг нафсини жиловлаб бўлмаслиги азалдан аён. Шу боис ҳам ота-боболаримиз диний таълимга катта эътибор беришган. Шу маънода Туркистонда бу масала қандай тартибда ечилган?

— Аввало шуни айтиш керакки, Мустақилликдан сўнг, айниқса, кейинги икки-уч йил орасида Ўзбекистонда ёшларга диний таълим бериш борасида ижобий ўзгаришлар давом этмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда ўн битта мадраса, иккита диний олий таълим муассасаси, битта Ислом академияси фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, ўнлаб араб тили курслари ва бошқа диний таълим билан боғлиқ муассасалар ишлаб турибди. Халқаро ислом цивилизацияси марказининг биноси ишга тушиши билан эса уларнинг сони янада ортади.

Энди тарихга тўхталадиган бўлсак, ота-боболаримиз таълим-тарбияга жуда қаттиқ эътибор беришганини таъкидлаш керак. Бу соҳада Абдулла Авлоний бобомизнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган гаплари беҳуда айтилмаган. Мен бу гапларнинг мағзини шарҳлаб ўтирмай, ўзингиз ўринли таъкидлаганингиздек, биргина коммунистларнинг атеистик тарбияси кишиларни нечоғлик ҳалокат ва фалокат ёқасига олиб келиб қўйганини таъкидлаб ўтмоқчиман, холос. Шўро инқилобигача Туркистон чор Россиясининг қарам мамлакатлари ичида бўлган. Ўша даврлардаги диний таълим, мадрасалар ҳақида устозлар сўзлаб беришган.

Айтишларича, 1924 йилда Туркистон парчаланиб, миллий республикаларга бўлинган пайтгача ҳам Ўзбекистонда диний мадрасалар кўп бўлган. Маҳалла мактабида таълим олган бола ўқишни давом эттиришни истаса мадрасага борган. Энг муҳими у маҳалла мактабида ўқиш-ёзишни ўрганиб, ҳалол-ҳаромни ажратиб, бир мусулмон фарзанди сифатида мустақил ҳаёт кечиришга тайёрланган. Ўша маҳалла мактабида олган билими билан бирон-бир касбнинг бошини ушлаган. Энди мадрасаларга борган болалар эса у ерда йиллаб ўқишган. Бундан ташқари, диний китобларни ўзлаштириш ўта қийин бўлган. Буни мен ўз тажрибамдан биламан.

Қўлларида ўн йил таълим олган устозим олтиариқлик Муҳаммад Қосим қори домла ўша даврлардаги диний таълим, мадрасалар тўғрисида кўп гапириб берганлар. Устозимнинг: “Мен ўша йиллари йигирма тўрт ёшда эдим. Иттифоқ ташкил этилган кундан эътиборан ҳукумат барча мадрасаларни тақа-тақ ёпиб, калитини чўнтагига солиб олди. Муллаваччаларни эса кўчага ҳайдаб солди. Китобларимизни кўтарганча қаерга боришни, кимга арз қилишни билмай сарсон бўлганмиз. Шу йилдан бошлаб мадрасаларда дарс берган-бермаган барча уламоларни қамаш бошланди. Уларнинг баъзилари қатл этилди, қай бирлари эса Сибирь ва бошқа жойларга сургун қилинди. Бу иш то 1943 йилгача давом этди. Бу орада масжидлар ҳам ёпиб қўйилди”, деган гапларини ҳамон эслайман. У киши Марғилоннинг марказидаги “Хонақоҳ” деб юритилувчи оқ мадрасада илм олган эканлар. Ҳукумат мазкур мадрасани ёпиб, ўрнида банк очган. Ўша банк ҳозиргача ишлаб турибди. Энг билимдон мударрислар ана шу илм даргоҳида дарс беришган экан. Муҳаммад Қосим қори домла бу ерда Холмат қори, Муҳаммад Юсуф каби домлалардан сабоқ олганлигини айтардилар.

Шундай қилиб, то 1943 йилгача Ўзбекистонда очиқ ҳолда на масжид ва на мадраса фаолият юритмаган. Аммо шўролар уларни турли омборхоналарга, чўчқахоналарга айлантирса-да, мўминларнинг қалбидан имонни юлиб ололмади. Халқимиз динсиз яшамади. Махфий равишда уйларида намоз ўқиди, яшириниб бориб, ҳужрада таълим олди. Ота-онанг намоз ўқийдими, деб сўрашаркан. Ҳа, ўқийди, деса бўлди. Ўша тобнинг ўзида уларни ушлаб кетишган. Илм олишни айтмайсизми? Баъзи хонадонлардаги ҳужраларнинг дарвозалари ташқаридан қулф бўлган. Биров келса, уйда ҳеч ким йўқ. Аммо ўша хонадонга талабалар девор ошиб тушиб домлалардан таълим олишган. Халқимиз ана шундай замонлардан ўтиб келди.

— 1924 йилдан то 1943 йилгача Ўзбекистонда масжид ва мадрасаларда намоз ўқиш ва илм олиш таъқиқланди, деб айт-япсиз. Нега энди айнан 1943 йилда таъқиқлар олиб ташланди?...

— Хабарингиз бор, ўша йили Германия фашизмига қарши урушаётган давлатларнинг Теҳрон конференцияси бўлиб ўтди. Натижада “Теҳрон баённомаси” эълон қилиниб, унда фашизмни узил-кесил йўқотиш, урушдан кейинги Оврупонинг тақдири, Совет иттифоқининг Японияга уруш эълон қилиши каби масалаларда ўзаро келишув бўлгани тарихий ҳужжатларда айтилади. Шунингдек, мана шу конференцияда Совет иттифоқи виждон эркинлигини тақиқлаган даҳрий давлат сифатида танқид қилинади. Албатта, Сталиннинг динларга йўл бериши битта танқид туфайли юз бермаган бўлиши мумкин. Бунга бошқа сабаблар, масалан, Амир Темурнинг қабрини очиш мумкин бўлмаган бир пайтда 1941 йил 22 июнда очилгани ва шу куни уруш бошлангани каби воқеалар ҳақида мустабидга етказилгани ҳам туртки бўлса, эҳтимол. Сталин Теҳрон конференциясидан сўнг ҳамма динларга, жумладан, Ислом динига ҳам катта эмас, кичкина дарча очишга мажбур бўлади. Бутун Совет иттифоқи бўйича тўртта — Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари учун Тошкентда, татар мусулмонлари учун Уфа шаҳрида, шиа ва сунний мусулмонлар учун Бокуда, шунингдек, кавказлик мусулмонларга Маҳач¬қалъада мусулмонлар диний идораси ташкил этилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига Эшон Бобохон ҳазратлари муфтий этиб тайинланганлар. Ўша йили бутун республикада ҳаммаси бўлиб 84 та масжид очишга рухсат бўлди. Элимиз то 1991 йилда юртимиз мустақилликка эришгунича ўша қирқ учинчи йилда ташкил бўлган бор-йўғи саксон тўртта масжидда намоз ўқиб келди. Мен 1975 йилдан шу идора қошидаги мадрасада ўқиб, шу ерда ишлаганман. Қаерда масжид очилган, ҳаммасининг рўйхатини биламан. Бу рўйхатга битта масжид қўшиб ҳам бўлмасди, олиб ҳам. Моск¬вадан берухсат ҳатто битта масжидни ҳам таъмирлай олмасдик. Барча юмушлар СССР Министрлар Совети қошидаги диний ишлар бўйича Кенгаш назоратида турарди. Бугунгидек эсимда, Жиззахдаги масжидни таъмирлаш пайтида деворини бир метрга ўстиришганди. Бундан хабар топган ўша Кенгаш мазкур масжидни ёптириб ташлаб, табиат музейига айлантириб юборди. Бориб кўриб, ичкаридан йиғлаб чиқдим. Худонинг уйида ёввойи ҳайвонларнинг терисини шилиб, ичига сомон тиқиб, қотириб қўйишибди. Ана шундай қотирилган бир чўчқани меҳробга тикка қилиб ўрнатишибди, тиржайиб турибди. Буларни кўрган қайси мусулмон йиғламайди... Қани энди ўша пайтда Москванинг бу сиёсатига қарши чиқиб кўрсин-чи, биров! Атроф жим-жит. Ўлик сукунат... Ҳамма нарса: тўфон ҳам, ҳайқириқ ҳам ичингизда. Ичингизга ютасиз. Бир оғиз бўлсин эътироз билдиролмайсиз... Ана шундай даврларни бошдан ўтказдик.

1943 йил октябрь ойида бўлиб ўтган мусулмонларнинг биринчи қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний идораси бошқармаси ташкил этилиб, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон мазкур ташкилотнинг масъул котиби ва айни пайтда Ўзбекистон қозиси лавозимига бир овоздан сайланади. Республика қозияти Диний идоранинг анчайин фаол тизими ҳисобланган. У олиб борган ишлар Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг бошқа республикаларида диний уюшмаларнинг оёққа туришида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон қозияти Совет шарқи мусулмонларининг диний тар¬қоқлигига барҳам беришда жуда катта шижоат кўрсатди. Совет ҳукумати динларга, хусусан, Ислом динининг ривожланиши, мусулмонларнинг ўз диний арконларини бажариш ишларига қанчалик қаршилик кўрсатмасин, диний идора раҳбарияти берилган озгина имкониятдан жуда унумли фойдаланди. Ҳатто, маърузаларда қайси оятлардан фойдаланиш кераклиги ҳам белгилаб қўйилар эди.

Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг ташаббуслари билан бир журнал ташкил этилди. Ўша журнал номига ҳам “совет” сўзини қўшишга мажбурландик. Мен бу журналда масъул муҳаррир сифатида саккиз йил ишладим. Шундай эдики, мақолалар даст¬лаб рус тилида тайёрланиб, Москвага, ҳукуматнинг юқорида айтганим Кенгашига юборилар, у ерда таҳрир қилиниб қайтгач, ўзбек ва бошқа тилларга, араб, форс, инглиз ва француз тилларига таржима этилар эди. Ўзбек тилидагиси эски ўзбек имлосида босиларди. Кириллда ёзилса гўё халқ бутунлай имонга кириб кетадигандек... Мана шундай бир шароитда Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари гоҳ расмий, гоҳ норасмий йўл билан бўлса-да, Москва билан музокаралар, баҳслар олиб бориши натижасида Ислом динини ривожлантиришга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшди. Ўзининг беқиёс даражадаги илмий салоҳияти билан кишиларнинг имонини мустаҳкамладигина эмас, балки баланд кўтарди.

Шундай қилиб 1971 йилгача бутун СССР мусулмонлари учун битта — Бухородаги Мир араб мадрасаси фаолият юритган холос. Унда бор-йўғи 60 нафар талаба ўқиган. Ўша йили Зиёвуддинхон қори ҳазратнинг елиб-югуришлари натижасида Тошкентда олий мадраса (МАЪҲАД) иш бошлади. Мен ана шу мадрасанинг иккинчи қабулида, яъни 1975 йилда ўқишга кирганман. Бу ерга ҳар йили қабул бўлмасди. Ҳар тўрт йилда бир марта қабул ўтказилар эди. Мана шундай қийин шароитларда ишлаб ўтган одамлар ҳақида гапирганда тўғри фикрда бўлишимиз керак. Баъзилар бўлдики, диний идорага доим тош отиб ўтишди. Бу ерда ишлаётганларни “сарой уламолари” дейдиганлар топилар эди. Ана ўша “сарой уламолари” бўлмаса, совет атеистлари динимизни яна не кўйларга солиб юборишлари мумкинлигидан улар бехабардирлар. Бу одамлар қўлларидан келганча дунёвий давлат билан мусулмонларни келиштириб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳаж-умраларни ташкил этиш, масжид-мадрасаларнинг ҳолидан хабар олиш, диний мавзудаги адабиётларни нашр этиш каби хизматлар борки, бу ишларнинг барчаси ўша “сарой уламолари”нинг чекига тушган эди. Буларнинг ҳаммасига нафақат гувоҳман, балки шу ишларнинг ичида эдим.

— Яхши гап очдингиз. Неча йилларки шу идорада ишлаб келасиз. Ўз фаолиятингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз, ўқувчиларимиз янада кўпроқ маълумот олган бўлардилар.

— Ҳа, умримнинг асосий қисми шу идорада ўтди. Ёшлик даврларимда мадрасалар йўқ бўлгани учун, диний илмни ўзим мустақил ўргандим. Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқидим. Кейин Фарғона водийсидаги катта-катта алломаларнинг уйларига қатнаб диний билимларимни оширдим... Ишдан ажралмаган ҳолда уларнинг хизматларини қилиб, билмаган жойларимни сўраб илм олганман. Худога шукр, ўттиз бир ёшимгача бир ислом талабаси ўқиши керак, билиши лозим бўлган илмларни ўзлаштириб бўлгандим. 1975 йилгача мен водийда бўлдим. Кейин Тошкентга келдим, чунки биздақа илмли кишиларни ўша пайтларда давлат нафақат қадрини билмасди, балки хушламас эди. Ҳе йўқ, бе йўқ қамаб юбораверар эди. Диний олим бўлсанг, қани дипломинг, деб жавобгарликка тортарди. Шу боис мен Тошкентга диплом олиш учун келдим.

Зиёвуддинхон қори ҳазратларига мурожаат қилдим. Қори ака, водийда бизни жуда ҳам безовта қилишяпти, МАЪҲАДда ўқишга келдим, дедим. Кимларда ўқигансиз ва қайси дарсларни олгансиз, деб сўрадилар. Шунда мен устозларим ва улардан олган сабоқларимни айтганимда, у киши сиз тайёр мударрис экансиз-ку, деб алқадилар. Сиз шу МАЪҲАДда дарс берасиз, ке¬йин тўрт йилдан сўнг сизга диплом берамиз, дедилар. Шундан кейин мени диний идора номидан Бухорога, Мир араб мадрасасига жўнатдилар. Бир йил Бухоро ва уч йил Тошкентдаги олий мадрасада дарс бердим. Шундан кейин олий Маъҳадни битирди, деган диплом олганман. Шу билан Тошкентда қолиб кетдим. Кейин Зиё¬вуддинхон аканинг ўғиллари Шамсиддинхон у кишининг ўринларига муфтий бўлдилар. Шамсиддинхон акам гарчи ташкилотчи, араб тилини мукаммал билган раҳбар бўлсалар-да, аммо диний уламо ёрдамига муҳтож эдилар. Шу боис Зиёвуддинхон акам мени у кишига ёрдамчи қилиб қўйгандилар. Ўзларига ҳам доим шаръий масалаларни Абдулазиз домла билан биргаликда ҳал қилинглар, деб кўп марта тайинларди. Ўша 1975-76 йилларда Фатво бўлимининг бошлиғи бўлганим ҳам шундан.

Шундай қилиб Шамсиддинхон акамлар билан у кишининг то умрлари охиригача бирга ишладик. Диний мавзуда кўплаб китоблар ёздик. Биринчи ёзган китобимиз Зиёвуддин қори ибн Эшон Бобохон тўғрисида бўлди. Энди бу китобнинг дунёга келиши ҳам бир тарих. У пайтлари мамлакатимиз ҳали мустақил бўлмаган эди. Китоб ёзиб, ўзбек тилида нашр этиш учун Москвадан рухсат олиш керак бўлди. Бу воқеа энди 1986 йилда бўлиб турибди. Қаранг, ўша пайтга келиб ҳам ҳамма жойда ошкоралик, сиёсий ўзгаришлар кечяпти, аммо диннинг йўли тўсиқ эди. Ислом динининг ривожига улкан ҳисса қўшган бир уламо ҳақида бир китоб чоп этиш қанчалар қийин кечган. Шунда биз айтдикки, ундай бўлса рус тилида нашр этайлик, деб сўрадик. Йўқ, дейишди. Араб тилида нашр этилади, деб туриб олишди. Мен китобни бир йил мобайнида Москвада ўтириб рус тилидан араб тилига таржима қилдим. Шундай қилиб, Зиёвуддин қори акам тўғрисидаги биринчи китоб араб тилида нашр этилди. Ўзбекистонда нашр этишга ҳам рухсат бўлмади. Москвада чоп этиб, бу ерга олиб келинди. Шу қилган хизматимга Шамсиддинхон акам мени ҳаж ибодатига боришга ёзиб қўйибдилар. 1986 йилда ҳажга мен ана шу хизматим туфайли борганман. Ҳажга бораётганимга ўзим ишонмаганман. У пайтлари ҳажга Ўзбекистондан икки-уч кишигина борар эди. Бутун собиқ Иттифоқ бўйича йигирма-йигирма беш киши борарди, холос. Ана шу қаторга қўшилганимдан хурсанд бўлиб, ҳаж амалини бажариб келганман. Ўша йили СССРдан бор-йўғи ўн тўрт киши ҳажга борган. Борганимга суюндим, албатта. Аммо бошқа давлатлардан минг-минглаб келган ҳожиларни кўриб, халқимизнинг исканжада яшаганидан, ҳақ-ҳуқуқсиз бўлганидан йиғлаганман...

Мана Яратганга минг шукрки, бугунга келиб аҳвол ўзгарди. Аллоҳ бор қиламан деса, қийин жойи йўқ. У кунлар бизга бир синов учун берилган эди. Бу йил мамлакатимиздан ҳажга бораётганлар етти мингдан ошди. Келаси йили ўн минг бўлар экан, Худо хоҳласа.

— Ёшлигида мусулмончиликдаги қирқ фарзни ўқимаган ўзбек жуда кам топилади. Маълумки, қирқ фарзнинг сўнгги фарзи — талаби илмдир. Яъни, илм олмоқликдир. Яна ўзбекда шундай гап бор: бу одамнинг оғзида илми бор. Ана шу оғзида илми бор кишиларнинг барчаси саводхон бўлишган. Мамлакат тепасига шўролар келгач эса диний мактаблар йўқотилди. Уларнинг ўрнида совет мактаблари ташкил этилди. Табиийки, исломий билимлар таъқиқланди. Диний таълим қолоқликнинг рамзи сифатида кўрилди. Ҳолбуки, туркшунос олим Аҳмад Закий Валидий турк халқларининг кейинги асрлардаги орқада қолиши ҳақида фикр юритаркан, бу қолоқлик айрим олимлар кўрсатганидек, динга итоат этишда, Ислом ақидаларида эмас, балки 16 асрдан буён дунёда янгича шароитлар юзага келгани, янги денгиз йўллари очилгани ва қадимги карвон йўллари назоратсиз қолгани билан изоҳланади, деган хулосага келади. Сиз эса халқимиз ҳар қандай таъқиқларга қарамай, ҳеч қачон динсиз яшамаганини таъкидлаб ўтдингиз. Савол шундан иборатки, шўролар даврида халойиқнинг диний таълим олиш тартиби қандай кечди? Бу борада ҳужраларнинг ўрни қандай бўлган? Ҳужра нима ўзи?

— Демак, шўролар иқтидорга келиши билан эски мактаб ва мадрасалар ёпилди. Мударрислар қатағон қилинди. Нима қилиш керак? Қатағонлар пайти айрим уламолар бошқа ишларнинг бошини ушлаб тирик қолишди. Аммо ичлари тўла илм. Ёшлари бир жойга бориб қолган бу олимлар илмларини ўзлари билан охиратга олиб кетишадими, энди? Йўқ, бундай қилиш Худога ҳам хуш келмайди. Қандай бўлмасин, улар ўз эгаларига етказилиши керак! Шу тариқа улар ўзларининг фарзандларига ёки қўни-қўшни, илм истаган бошқа кишиларга махфий таълим бера бошлашди. Бу нарсани мен айниқса, 60-йилдан бошлаб ўзим кузатдим. Бу ҳаракат водийдан бошланди. Яъни, Андижон, Наманган, Марғилон.

Бу масканлардаги ҳужраларга Аллоҳ раҳмат қилсин уларни, асли ўзганлик Сулаймон қори ака ҳамда марғилонлик устоз Ҳакимжон қори домлалар асос солган десак адашмаймиз. Сулаймон қори ака ўтган аср¬нинг 30-йилларида домла-имомлар қатағон қилинганда ота-боболари билан Қошғарга ўтиб кетган бўлиб, 50- йилларнинг охирларида қайтишади. Ўша одам аҳволни кўриб, баъзиларнинг ҳалол-ҳаромни ажратмаганидан таассуф билдириб, бу одамларнинг ёшлик йиллари қатағонларга тўғри келиб, диний билимлардан бехабар қолишганига йўяди ва болаларга исломий билим бериш керак, деган хулосага келади. Маълум бўлишича, Сулаймон қори аканинг ўзи Қошғардалигида ҳужрада ўқиган ва ўқитган эканлар. Демак, Сулаймон қори ака бу амални ўз юртига қайтгач, бу ерда ҳам татбиқ эта бошлади.

Шу жойда ўз бошимдан кечган воқеаларни эслаб ўтишни истардим. 1971 йили Олтиариқдан чиқиб кетдим. Марғилонга бориб жойлашдим. У ерда ўқиш билан банд бўлдим. Ишдан ажралмаган ҳолда Ҳакимжон қори акамнинг дарсларига қатнашдим. У киши жуда тез ўқитар эканлар. Ҳакимжон қори домладек, баракали ўқитадиган мударрисни мен ҳали кўрмадим. Саҳиҳ Бухорий, саҳиҳ Муслим, Абу Довуд, шарҳи Мулла каби катта-катта китобларни бир ойга қолмай битириб юборамиз. Устознинг қўлидаги беш йиллик таҳсилим жуда баракали бўлди. Ҳакимжон қори домла бутун умрларини дунё тўплаш эмас, илм тўплашга сарфлаган инсон эдилар. Ўзлари кўп ўқирдилар. Гап гапирсалар фақат илмдан сўзлардилар. Дунёвий нарсалардан ўзларини қаттиқ парҳезда тутардилар. Бирон сония бўлсин вақт¬ларини беҳуда ўтказмасдилар. Ўқитиш тартиблари шундай эди: юқори билимли талабаларни ўзлари ўқитардилар. Булар хос талабалар деб аталган. Бизга жойлардаги ҳужраларни бўлиб берардилар. Бомдод намозини ўзлари билан ўқигач, икки-уч соат дарс бўларди. Кейин айтилган ҳужраларга бориб дарс берардик. Кўряпсизми, дарсдан чиқиб яна дарс¬га борардик. У кишининг яна бир фазилатларини айтсам, қўлларидаги асосий талабалар мусофир бўлган, жумладан, мен ҳам. Бола-чақани ҳам боқиш керак. Бу кишига Аллоҳ таоло тижорат ҳунарини ҳам насиб этганди. Ана шу тижоратдан тушган маблағдан ўз оиласидан ошиниб, бизга маош ҳам берардилар. У киши илм ошиқларини бир қарашда ажрата билганлар ва уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, илмларини давом эттиришлари учун шароит яратганлар. Ҳужра Марғилонда ана шу тартибда вужудга келди. Ке-йинчалик халққа исломий таълим беришнинг бу усули Андижон, Наманган атрофларига, шунингдек, Ўш, Ўзган шаҳарларига ҳам кириб борди. Бошқа жойлардан, масалан Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидан ҳам талабалар Марғилон билан Андижонга келиб ўқишарди. Қуръони карим таржимони, қорасувлик Алоуддин Мансур ҳам Ҳакимжон қори аканинг хос шогирдларидан бўлган.

Энди бу ҳужраларда қандай дарслар ўқитилган? Бу масалага ўтишдан олдин шуни айтиш керакки, кейинги эллик йил орасида ҳужралар эл кўзига ола бўжи, экстремистик ташкилот, муллаваччалар жангарилар сифатида кўрсатиб келинди. Бу енгил қилиб айтганда инсофдан эмасди. Сизга бир мисол. Хабарингиз бор, ўтган йили мамлакатимизда қорилар мусобақаси ўтказилди. Унда юзлаб мураттаб қорилар иштирок этишди. Уларнинг қайси бири жангари?! Шундай бўлганда бундай мўътабар издиҳомда иштирок эта олишармиди?! Ўша мусобақа иштирокчиларининг саксон фоизи ҳужрадан чиққан собиқ муллаваччалардир. Уларнинг қироатларини тинглаган бутун Ўзбекистон ҳамду санолар айтишди. Ростдан ҳам Мустақилликкача бутун республикада бор-йўғи иккита мадраса бўлган бўлса, бунча қори қаердан келди, деган савол туғилади-да! Бугунги кунда мамлакатимизда икки мингдан ортиқ масжид бор.

Энди тилга олинган ҳужраларда қандай фанлар ўқитилган? Айтиш керакки, уларда сиёсат ҳақида умуман сўз юритилмаган. Дарслар араб тили грамматикаси — Кофия, яъни наҳву сарф, Унвон — араб адабиёти, фиқҳ илмларидан “Мухтасар”, Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари, Мишкотул масобиҳ, Шарҳи мулла (Жомийнинг Кофия шар¬ҳи китоби), Саҳиҳи Бухорий, Қози Байзовий, Насафийларнинг тафсирлари ва бошқа Ақоид китобларидан иборат бўлган. Юқорида номлари тилга олинган дарслик ҳамда китобларда ҳеч қандай сиёсат билан боғлиқ гаплар йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Улар том маънодаги илмий асарлар бўлиб, биринчидан ўқувчига араб тили грамматикасини ўргатса, иккинчидан Қуръони карим тафсири ҳамда Ҳадис илмидан дарс беради. Булардан ташқари адабий китоблар, Балоғат ва Фасоҳат мавзуларидаги дарслар ўқитиларди.

Айтиш керакки, совет даврида ҳужраларда дарс беришга ҳеч қандай йўл йўқ эди. Бу жиноят ҳисобланарди. Бу ишлар камоли халқ ичидаги уламоларимизнинг динимиз сақланиб қолсин, ота-боболаримиз, устозларимиздан олиб қолган билимларимиз ўзимиз билан кетиб қолмасин, улардан ёшларимиз нафланиб, оқ-қорани танисин, ҳалол-харомни ажратиб олишсин, деган бир оқ ният билан бошланган. Янаям аниқроғи ҳужраларни замоннинг ўзи тақозо этди. Зарурият юзага келтирди. Агарки ўша пайтларда бугунгидек, мадрасалар, Ислом академияси каби таълим муассасалари бўлганда эди уламолар ҳам, муллаваччалар ҳам ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб ҳужрага қатнамас эдилар. Мана бугун диний билимларни ўрганмоқчи бўлган одамга кенг йўл очиб қўйилди. Араб тили курслари очилган. Бундан ташқари араб тилини, хусусан, Қуръони каримни ўқишга мўлжалланган дарсликлар нашр этиляпти. Биргина интернетнинг ўзида араб тилини ўрганаман деган одам учун истаганча имконият мавжуд. Совет даврида ундай эмасди-да. Диний илмларни ўрганиш ва ўргатишнинг барча йўллари тақа-тақ ёпилган эди. Шу боис совет даври қатағонларидан муқаддас динимизни асосан мана шу ҳужралар асраб қолди, деб очиқ-ойдин айтиш мумкин. Ҳужралар бўлмаганда динимизнинг аҳволи жуда аянчли бўлиб қолар эди. Бир нарсага эътибор беринг: дин ўз ҳолича яшай олмайди. У халқ билан тирик. Аллоҳ таоло ўзи яратган халқнинг тўғри, имон-исломда, ҳалол-пок яшаши учун ҳам динни туширди. Шундай экан уни асраб-авайлаб авлодларга етказиш ҳар бир мусулмоннинг иши бўлиши керак. Ҳужра ана шундай эътиқод самарасидир. Буни ҳар бир одам тўғри тушуниб, тўғри англаши керак, деб ўйлайман. Ҳа, ҳужра қонундан ташқарида эди. Ҳужрада ўқитган ҳам, ўқиган ҳам жиноятчи ҳисобланарди. Аммо халқ яшаши керак. Дунё яралибдики, ҳеч бир халқ динсиз яшамаган. СССР давлати ростдан ҳам динсиз эди, аммо аҳолиси ўз динларини, эътиқодларини яшириб бўлса-да, авлодларга етказиб келишди. Ўзини таниган одам учун динсиз ҳаёт жаҳаннамнинг ўзи десам баъзилар хафа бўлишлари мумкин, аммо тузсиз таом¬дай гап. Яшайверасан, аммо унда еб-ичиш, бола-чақа орттириш, бир сўз билан айтганда ўткинчи ҳою-ҳаваслардан бошқа ҳаётнинг туб маъносини англамай ўтади киши.

Бугун ўтган асрнинг 60-йиллари эмас. Шу боис ҳозирда ўша ҳужралар ўрнида мадрасалар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг дастурлари, уларнинг ўқитиш тартиблари диний идора томонидан белгилаб бериляпти. Янги-янги курслар очиляпти. Ҳозирда республикамизда 11та мадраса, уларнинг иккитаси олий, ишлаб турибди. Бундан ташқари аёлларнинг ҳам мадрасаси бор. Бу мадрасалар мустақилликдан кейин секин-аста кўпайиб борди. Баъзилар ҳозир ҳам ҳужраларда ўқитса бўлмайдими, дейишади, йўқ, бўлмайди. У даврлар бошқа эди. У даврларни мен қораламайман. У пайтларда ҳужрадан бошқа йўл йўқ эди. Бугунгидек, мадрасалар бўлмаган. Ҳозирги мадрасаларимиздан ҳам мураттаб қорилар, уламолар чиқяпти. Энди ҳужраларга эҳтиёж қолмади. Мен бу ишларнинг ичида бўлганим учун ҳақиқатни айтиб қўйишим керак. Бу Худонинг олдида ҳам тўғри бўлади. Ҳақиқат шуки, Мус-тақилликкача бўлган ҳужраларнинг ҳаммаси юқорида айтганимдек, ноиложликдан бўлган ва тўғри бўлган. Агар ўша ҳужралар бўлмаганда эди, ҳозир мамлакатимизда Ислом дини уламолари жуда камайиб кетарди. Бу одамлар ўртасида оқибатсизлик, ҳалол ва харомни, диёнат ва хиёнатни ажрата билмаслик каби иллатларнинг кўпайишига олиб келарди. Биргина Жума намози маъвизаларини олинг. Уларда юз минглаб одамлар иштирок этади ва одоб-ахлоқ ҳақидаги Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган насиҳатлардан баҳраманд бўладилар. Бундай маъвизаларни ана ўша бир пайтлар ҳужрада таҳсил олган уламоларнинг шогирдлари ёки шогирдларининг шогирдлари мадрасаларни битириб чиқиб халққа етказмоқдалар.

Бугун муҳтарам Президентимиз нафақат мамлакатни иқтисодий ривожлантириш, адолатни тиклаш, шунингдек, маънавий-маърифий, хусусан, дин соҳасида жуда ҳам одилона сиёсат олиб бормоқдалар. Бунга биргина бир пайт¬лар ҳужраларда ўқиганлиги учун қамалган кишиларнинг озодликка чиқарилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Советнинг зулми шу даражада эдики, диний эътиқод, ҳужраларнинг аҳамияти ҳақида умуман гапириб бўлмасди. Афсуски, бундай ҳол яқин-яқингача ҳам давом этди. Ке¬йинги икки-уч йилда аҳвол бутунлай ўзгарди. Ислом дини маърифати хусусида очиқ-ойдин гапириш имконияти пайдо бўлди. Оқни оқ, қорани қора дейдиган замон келди. Шунинг учун менинг тавсиям шуки, ҳозирги даврда замондан орқада қолиш керак эмас, тараққиёт илгариламоқда. Босган ҳар бир қадамимиз замонга вобаста бўлмоғи керак. Мадрасаларда, араб тили курсларида ҳам таълимнинг энг илғор усулларини қўллашимиз лозим. Президентимиз доимий равишда ҳамма соҳада биздан таклифлар кутмоқда. Яна қандай ишларни йўлга қўяйлик, деб сўрамоқда. Қачон шундай бўлган?! Худо хоҳласа бутун дунё ҳавас қиладиган жамият бўламиз! Бугун Ислом динига хизмат қиламан деган одамга йўл катта очиқ. Ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. У замонлар ўтиб кетди. Ёдимда, Бухоронинг Мир араб мадрасасида дарс берардим. Атеизмнинг кучайган даврлари. Талабаларга сабоқни ақоид фанидан бошладим. Ақоид ва ақида фани бу эътиқод. Инсонни мустаҳкам эътиқодли бўлишга чақиради. Эртасигаёқ мени керакли жойда сўроқ-жавоб қилишди: нимани ўқитяпсан? Диний фанлардан дарс беряпман. Қанақа фандан? Ақоиди “Насафия”дан. Бир замон менга бақириб кетди: қанақа ақоид?! Ақоидни ўқитмайсан, билдингми! Нима, сен бу талабаларни мустаҳкам эътиқодли бўлишини истайсанми? Улар ҳарф таниб, Қуръонни ўқишни эпласалар бўлди. Қолгани билан ишинг бўлмасин, — деб дарсларни сусайтиришимни очиқдан-очиқ талаб қилишган.

Ҳозирги кунда эса мадрасаларимизда ўқитилаётган фанларга ҳеч қандай чеклов йўқ. Бир мисол. Икки нафар набирам МАЪҲАДда ўқийди. Уларнинг ўқиган китобларини биз ўттиз-қирқ ёшга бориб ўқиганмиз. Сабоқлари ўта мураккаб. Айниқса, фиқҳ дарслари жуда чуқур ўрганилмоқда. Таълимнинг бундай илғор усули араб университетларида ҳам кам учрайди. Олий таълим мадрасаларимизда ҳам бундай фиқҳни чуқур ўрганиш, “Раддул муҳтор”ларнинг матн-ларини, “Дуррул- муҳтор”ларни ўқитиш, “Усулул-фиқҳ”га ўхшаган қанча-қанча фанлар ўқитиляптики, мақсад талабаларга Ислом динини тўғри етказиш, наинки уларни, шунингдек, Муқаддас динимизга ҳар томондан ҳужум қилиб турган турли зарарли оқимлардан ҳимоялаш. Болаларимиз ўқишни яхши давом эттириш-япти. Иккинчи курсдаёқ араб тилидаги матнларни шарҳлашмоқда. Бу жараёнларни кўриб баъзан ўйлаб қоламан: ишларимиз шундай давом этса, араблар диний илмни бизга келиб ўрганишса ажаб эмас.

— Домла, қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат.

Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ суҳбатлашди.

Mанба: “Hurriyat” газетаси

8 008
ЎзА