ЎзА Ўзбек

06.02.2018 19:27 Чоп этиш версияси

Аҳвол қачон яхшиланади?

Аҳвол қачон яхшиланади?
"Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти
ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 
раҳбарияти диққатига!

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг www.uza.uz сайтида 2018 йил 11 январь куни “Оворагарчиликларнинг боиси нимада?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда газ пулини тўлашда ҳаддан ортиқ тирбандликлар кузатилаётгани, тўлов қилиш мақсадида келган фуқароларга ҳеч қандай қулайлик яратилмагани, ходимларнинг қўпол муносабати, сарсонгарчиликларга сабаб бўлаётган ходимлар ҳақида фикрлар билдирилган эди.

Орадан бир ой ўтиб ЎзА мухбирлари ҳолатни қайта ўрганиш учун яна ўша манзил Учтепа тумани газ таъминоти корхонасига борди.

"Эски ҳаммом, эски тос", деган нақл бежизга айтилмаган кўринади. Ўринли танқиддан хулоса чиқармаган ушбу ташкилотда аҳвол ўша-ўша. Биз соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдик.

2 (1).jpg

– Учтепа тумани газ таъминоти корхонаси фақат газ етказиб бериш ва унинг меъёрига жавоб беради, – дейди бош муҳандис Раҳмат Файзиев. – Банклар билан шартномамиз бор. Улар пул қабул қилиш билан шуғулланади. Мажбурий ижро бюроси қарздорликни ундириш билан шуғулланади. Фуқароларга қулайлик яратиб бериш учун бизда бошқа имконият йўқ. Бизда ходимлар маълумот бериш, газни узиш-қўшиш, лойиҳалаш, мурожаатлар билан ишлаш каби ишларни бажаради.

Хўш, истеъмол қилган гази учун пул тўлаш учун келган аҳолида нима айб? У ўз вақтида пулни тўласаю, лекин уни яна қарздорга чиқаришса?

– Авваллари тўловни почта кассаларида тўлардим, – дейди Хондамир маҳалласида яшовчи Карима Абдуллаева. – У ерларда тирбандлик йўқ. Сабабини билмайману, лекин пул бироз кечикиб тушади. Кейин қарздорлик ёзилишига сабаб бўлади. Шунинг учун шу ернинг ўзи тинч. Кўпроқ кутсам ҳам пул вақтида тушади, қарз ҳам ёзмайди.

Ўз номи билан “кутиш зали” деб аталадиган жойда навбат кутиш учун шароит йўқ. Асосан тўлов тўлаш учун келадиганлар пенсия ёшидаги отахону онахонлар.

1.JPG

– Ҳар ойнинг 4-5 санасида тўловларни тўлаймиз, – дейди Моҳира она Файзиева. – Ойнинг 10-санасигача кассалар сонини кўпайтиришса, яхши бўларди. Шунча вақт йўқотиб, оворайи сарсон бўлмасдик.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки Тошкент вилояти филиали масъул мутахассисининг айтишича, кассаларни ташкил этишда имкон қадар аҳоли кўп мурожаат қиладиган жойларга мутахассислар жалб этилади. Аммо бу ҳам аҳоли талабларига жавоб бермаяпти.

2.JPG

Айни масала юзасидан Мирзо Улуғбек тумани газ таъминоти корхонасидаги ҳолатни ўргандик.

Фуқароларни қабул қилаётган уч оператор уларга бланкаларни тўлдириб бермоқда. Шу жойда аҳоли бироз кутиб қолаётгани ҳам ҳақиқат. Учта кассада пул олиш учун эса вақт кўп кетаётгани йўқ. Тирбандлик асабларни бузиб, тортишувларга ҳам сабаб бўлмаяпти.

– Янги ҳисоблагич қўйгандан кейин, расмийлаштириб кетмаган эканман, – дейди Маъмура Воҳидова. – Бироз тушунмовчиликлар бўлди. Лекин масъул ходимлар томонидан вазият ўрганиб чиқилгач, ишим ижобий ҳал бўлди.

5 (1).JPG

Икки тумандаги бир хил ташкилотнинг фаолиятида нима фарқ борки, биридаги ҳолатдан қувонсангиз, иккинчисидаги аҳвол ранжитади... 

– Бизда бу унинг иши ёки бу менинг хизмат вазифамга кирмайди, деган сўзнинг ўзи йўқ, – дейди корхона раҳбари Алишер Бойхонов. – Ҳамма биргаликда ҳаракат қилади. Аҳоли корхонамиздаги истаган мутахассисга мурожаат қилиши мумкин. Муаммонинг ечимини топиш ҳаммамизнинг вазифамиз. Аҳоли кўпайса, бошқа ходимларимизни ёрдамга юборамиз, шунда тўлов тўлайдиганлар кутиб қолмайди.

Бу каби муаммоларни ҳал этиш фақат биттагина ташкилот ёки ходимнинг иши эмас. Вазиятни яхшилашда ҳамма бирдек жавобгар.

Бу масала ҳал бўлиши учун яна кимга мурожаат қилиш керак?

Барно Мелиқулова, Отабек мирсоатов (сурат), ЎзА
22 342