ЎзА Ўзбек

15.05.2019 21:43 Чоп этиш версияси

АҚШ делегацияси Жиззах вилоятида бўлди

АҚШ делегацияси Жиззах вилоятида бўлди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант бошчилигидаги сиёсат, савдо, инновациялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги компаниялари вакилларидан иборат АҚШ делегацияси Жиззах вилоятида бўлди. 

Делегация аъзоларини “Жиззах” темирйўл вокзалида вилоят ҳокими Эргаш Солиев ва вилоятнинг бошқа раҳбарлари кутиб олди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқишлари тобора ортиб бораётганлигини Жиззах вилоятида ушбу давлат ишбилармонлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 

2.JPG

Жумладан, АҚШнинг ушбу делегацияси таркибидаги «SilverLeafe LLC» компанияси президенти Дэн Петтерсон Жиззахда биринчи марта бўлиши эмас. У бундан бир йил аввал – ўтган йили май ойида ҳам вилоятда бўлиб, пахта ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларини жорий қилиш йўналишидаги замонавий агрокластер ташкил этиш бўйича келишувга эришган эди. Келишув якунида пахтани илғор технологиялар асосида етиштириш ва хомашёни қайта ишлаб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган “SIL verleafe -BMB agro trade group” Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси ташкил этилган эди. 

Айни пайтда ушбу корхона фермерлар билан шартнома асосида 2 минг гектар майдонда агрокластер усулида пахта етиштирмоқда. Делегация аъзолари вилоятга ташрифи давомида Пахтакор туманида бўлиб, агрокластер тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

Вилоятда пахта хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқаришда эришилаётган натижалар ҳам делегация аъзоларини эътиборсиз қолдирмади. Шу мақсадда меҳмонлар «Жиззах Текс» масъулияти чекланган жамияти тикувчилик фабрикасида бўлиб, корхона имкониятлари билан танишди. 

3.JPG

Америкалик меҳмонлар фақат иқтисодиёт соҳаси эмас, вилоятнинг маданий-маърифий муассасалари фаолиятига ҳам қизиқиш билдирди. Делегация аъзолари ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабида бўлиб, бу ерда иқтидорли ёшларга таълим бериш жараёни билан ҳам танишди. 

Меҳмонлар Жиззахдан Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди. 

Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
5 332