ЎзА Ўзбек

11.07.2019 18:43 Чоп этиш версияси

Аҳолишуносликка оид долзарб муаммолар муҳокамаси

Аҳолишуносликка оид долзарб муаммолар муҳокамаси

Тошкентда 11 июль – Жаҳон аҳолишунослик куни муносабати билан БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тадбир ташкил этилди​.

Тадбир репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ соҳасидаги муҳим сана –ЮНФПА ташкил этилганининг 50 йиллигига бағишланди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, халқаро ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича эришилган ютуқлар, келгуси режалар, 1994 йилда Миср пойтахти Қоҳирада ўтган Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича халқаро конференция ҳаракатлар дастурини якунлашни қайта тасдиқлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалалари муҳокама қилинди.

photo5276190662997420761.jpg

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳ.Фрейзер, ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Педро Пабло Виллануэва ва бошқалар мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, репродуктив саломатликни асраш, қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, фуқаро муҳофазаси, гендер тенглигини кафолатлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Тадбирда “Барча учун ҳуқуқ ва танлаш имкониятини таъминлаш”, “Аҳолига репродуктив саломатлик, ҳуқуқ, оилани режалаштириш масалаларига оид ахборотларни етказиш”, “Ўзбекистон аҳолисини рўйхатдан ўтказиш”, “Соғлом ёшлар – соғлом жамият” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, эрта никоҳ ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, аёлларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини кенгайтириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

photo5276190662997420762.jpg

Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича халқаро конференцияда 179 давлат, жумладан, Ўзбекистон вакиллари репродуктив саломатлик, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва гендер тенглиги барқарор ривожланишга олиб борувчи йўл эканини тан олган ҳолда, ҳаракатлар дастурини қабул қилган. Тадбирда ушбу йўналишларда эришилган натижалар эътироф этилди. 

Мазкур мулоқот оналар ва болалар ўлимини камайтириш, исталмаган ҳомиланинг олдини олиш, жинсий зўравонликни тугатиш бўйича миллий мажбуриятларни ишлаб чиқиш учун платформа бўлиб хизмат қилади. Ушбу мажбуриятлар жорий йил 12-14 ноябрь кунлари Найробида ўтадиган навбатдаги саммит давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан тақдим этилиши режалаштирилган.

photo5278609932175911709.jpg

Ғ.ХОННАЗАРОВ, Т. МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА
5 073