Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 20:02 Чоп этиш версияси

Аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатишни юксалтириш йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиаллари лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди.

Тақдимот давомида давлатимиз раҳбари тиббиётнинг мазкур йўналишларидаги долзарб масалалар юзасидан мутахассисларга тегишли кўрсатмалар берди.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизнинг ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, вилоятлар, олис туманларда яшаётган аҳолининг бу хизматдан тўлақонли фойдаланишида бир қанча ноқулайликлар туғдираётир.

Президентимиз ташаббуси билан ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг филиаллари вилоятларда ташкил этилаётганини халқимиз катта мамнуният билан кутиб олмоқда. ЎзА мухбири мазкур марказларнинг аҳамияти, аҳолига яратилаётган қулайликлар ҳақида мутахассислар фикри билан қизиқди.

Равшан Қурбонов, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори:

– Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш, бу борада миллий тизимни яратиш, тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, замонавий технологияларга асосланган тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш, соғлом ва фаровон турмуш учун қулай шароит яратиш давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди. Бу борада соҳа ходимлари тизимли равишда иш олиб бормоқда.

Тиббиётнинг барча йўналишлари каби кардиология соҳасида ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш жуда муҳим ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари 2017 йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соҳа ходимлари билан учрашувда бу масаланинг нақадар долзарблиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Президентимиз топшириғига кўра биз жойларга чиқиб, вазиятни чуқур ўрганмоқдамиз. Ўрганишлар натижасида Республика кардиология марказининг Қарши филиалини ташкил қилиш бўйича талаб юқори экани аниқланди.

Давлатимиз раҳбари 25 февраль куни марказимизнинг Қарши филиали қурилиши билан танишар экан, бу филиалнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Замонавий технологиялар билан таъминланган филиалда нафақат Қашқадарё, балки қўшни вилоятлар аҳолиси учун ҳам даволаниш имконияти яратилади. Тиббиёт масканини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Қашқадарё вилоятида тажрибали мутахассислар бор. Улар тиббиётнинг энг юқори технологияларида ишлаш амалиётига эга. Марказ ишга тушгунча яна мутахассислар тайёрлашни режалаштирганмиз. Чет давлатларда ишлаётган юқори малакали шифокорларни ҳамкорликка жалб қилиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Тиркаш Эшмуродов, Қашқадарё вилояти эндокринология диспансери бўлим бошлиғи:


– Эндокрин касалликлар динамикасига назар соладиган бўлсак, афсуски, йилдан-йилга қандли диабетнинг кўпаяётганига гувоҳ бўламиз.

Қандли диабет касаллиги кўрсаткичларини вилоят бўйича ўрганганимизда Шаҳрисабз, Китоб, Ғузор туманларида кўп учраши аниқланди. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалининг ташкил этилиши бу борадаги муаммоларни тизимли ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Тошкент шаҳри билан вилоятлар, туманлар даражасида телемедицина йўлга қўйилгани беморларга тўғридан-тўғри маслаҳатлар бериш, оғир беморлар кўригини ўтказишда муҳим аҳамиятга эга.

Соҳага илғор илм-фан ютуқлари жорий қилинаётгани натижасида гипофиз бези, қалқонсимон без хасталиклари, қандли диабет асоратлари туфайли келиб чиқадиган буйрак етишмовчиликлари ва бошқа оғир хасталиклар самарали даволанмоқда. Бу ногиронликнинг олдини олиш, беморлар саломатлигини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
2 290






Все о погоде - Pogoda.uz