Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 14:01 Чоп этиш версияси

Аҳолига ёнғин хавфсизлиги чоралари юзасидан ўтказилаётган тушунтириш ишлари қандай натижа бермоқда?

Ҳафтанинг ҳар чоршанбасида ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси куни тадбирлари корхона-ташкилот ва муассасаларда, аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя қилиш тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, ёнғинларнинг олдини олиш ва бартараф этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Фарғона вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ёнғинлар кўпинча одамлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солади, катта моддий зарар етказади. Шу боис ёнғинга қарши ҳимоя чораларини кўриш нафақат давлат, балки ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Олиб борилаётган ёнғинга қарши чора-тадбирлар, жумладан, ёнғинлар профилактикаси тадбирлари бундай бахтсиз ҳодисаларга қарши ишончли қалқон бўлмоқда. Бинобарин, ёнғинни ўчиришдан кўра, унинг олдини олган афзал.

10 август куни Қўқон шаҳар "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғини Бодомзор кўчасидаги хонадонлардан бирида электр симининг қисқа туташуви натижасида ёнғин юз берган. Оқибатда хонадонга зарар етган. Маҳаллада бўлиб ўтган учрашувда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби таҳлил қилинди. Бундай нохуш ҳолатларнинг аксарияти эҳтиётсизлик туфайли юзага келаётгани таъкидланиб, уларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

– Маҳаллалар фаоллари билан биргаликда жорий йилнинг ўтган даврида 15 минг 464 хонадоннинг ёнғинга қарши ҳолати текширилиб, аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги чоралари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди, – дейди вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Ёнғин назорати ва профилактикаси бўлими бошлиғи, майор Зафаржон Қодиров. – Аниқланган камчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Ёнғин хавфсизлиги соҳасида камчиликка йўл қўйган 164 фуқарога нисбатан маъмурий жарима чоралари қўлланилди.

Профилактика куни тадбирлари давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш, бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этишга жамоатчиликни кенг жалб қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор яхши самара бераётир. Объектларда ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартиби бўйича 61, шунингдек, вилоят ёнғин хавфсизлиги гарнизонининг куч ва воситаларини жалб қилган ҳолда 18 объектда ёнғин ўчириш амалий-тактик машғулотлари ўтказилди.

Ёнғинни ўчириш усулларини кўрсатиш ва ушбу тадбирларга жамоатчиликни кенг жалб қилиш мақсадида одамлар гавжум жойларда ёнғин ўчириш техникаси ва воситаларини намойиш этган ҳолда учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда уларнинг раҳбарлари билан ўқув машғулотлари, тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда. Вилоят ҳудудида жойлашган ўта муҳим давлат аҳамиятига молик объектларнинг 50 тасида текширув ва 94 тасида ёнғин-профилактика кўриги ўтказилиб, аниқланган 359 камчиликдан 266 таси бартараф этилди. 109 носоз электр ускунаси ва агрегатлар манбадан узиб қўйилиб, улардан фойдаланиш тақиқланди.

Вилоятдаги барча пахтани қайта ишлаш корхоналарида ёнғин ўчириш бўйича амалий-тактик машқлар ўтказилиб, ёнғиннинг олдини олиш, унга қарши курашиш, ёнғин содир бўлганда оловни ўз вақтида ўчириш қоидалари бўйича билим ва тушунча берилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ҳам ёнғин хавфсизлигига муҳим эътибор қаратилмоқда. Зеро, ёнғин хавфсизлиги бўйича белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиш, тилсиз ёвдан доим огоҳ бўлиш саломатлигимиз ва хотиржамлигимиз гаровидир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 024






Все о погоде - Pogoda.uz