ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Аҳоли томорқадан қандай фойдаланяпти?

Аҳоли томорқадан қандай фойдаланяпти?


Бухоро туманининг «Гулшанобод» маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда 10 минг 460 нафардан зиёд аҳоли, 2 110 та хонадон истиқомат қилади. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг шахсий томорқадан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини, «Томорқа хизмати» МЧЖ ва тижорат банклари кўмаги билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудуддаги 170 та хонадонда иссиқхона ташкил этилди. Бунинг натижасида аҳоли бандлиги таъминланиб, янги иш ўринлари яратилди.

Помидор ва бодрингдан 25 миллион сўм соф фойда

— Қишлоғимизда оқар сув муаммоси мавжуд, — дейди «Гулшанобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Маҳмуд Рустамов. — Ер ости суви эса шўр. Шу боис ҳудудимизда деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди. Аммо шароит йўқ экан деб қўл қовуштириш, «Олма пиш, оғзимга туш» қабилида яшаш ҳам ярамайди. Ахир, четдан биров келиб рўзғорингизни бутлаб бермайди-ку. Шунинг учун томчилатиб суғориш орқали 7 сотихли иссиқхонада ҳосил етиштирамиз. Шукр, ҳаракатларимиз бесамар кетмаяпти. Бу йил томорқага эртапишар бодринг ва помидор экдик. Даромадимиз чакки бўлмади. Помидордан 20 миллион сўм, бодрингдан 5 миллион сўм соф фойда кўрдик. Бунинг ортидан ўтган йили «Damas» енгил автомашинаси сотиб олдик. Тўнғич фарзандимизни уйли-жойли қилдик. Сўнгги вақтлар иссиқхонани иситиш бироз муаммо бўлаётгани боис кейинги йил мини қозонхона олиб келиб ўрнатмоқчимиз. Агар кўзлаган режаларимиз амалга ошса, даромадимиз янада ортади.

«Томорқа хизмати» аҳолига қандай кўмак бермоқда?

Хабарингиз бўлса, 2018 йил 7 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. Шунга мувофиқ, айни пайтда юртимизнинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманларида «Томорқа хизмати» корхоналари фаолият юритмоқда.

— Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимиздаги «Toморқа хизмати» МЧЖлар томонидан 108,4 гектар майдондаги 7400 дан зиёд ихчам иссиқхонага хизмат кўрсатилди, — дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши матбуот хизмати раҳбари Жаҳонгир Раҳмонов. — Шунингдек, 455 та хонадондаги 3690 та асалари уяси, 891 та хонадондаги 82 тадан зиёд қуён, 4748 та хонадондаги 320 минг парранда, 2347 хонадондаги 105 минг 96 бош қўй эгаларига амалий ёрдам берилди.

Бироқ тан олиш керак, республикамизнинг барча жойларида ҳам «Томорқа хизмати» фаолиятини қониқарли деб бўлмайди.

— Бугун «Томорқа хизматлари» корхонаси томонидан қилинаётган амалий ишлардан бироз кўнгил тўлмайди, — дейди Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги «Кўкдала» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умар Жулбулов. — Мисол учун, бу йил баҳор фасли серёғин келгани боис ўрик дарахтларига шира тушиб кетди. Бунга қарши аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлашда узилишлар бўлгани боис ҳосил кўнгилдагидек бўлмади. Қолаверса, иссиқхона учун керак бўладиган ўғитларни ўз вақтида етказиб беришда ҳам узилишлар бўлмоқда. Агар мазкур муаммолар ҳал этилса, томорқа эгалари мамнун бўлар эди.

Айрим юртдошларимизнинг томорқа бўйича дунёқараши ўзгармаяпти

Президентимиз бир неча йилдирки, ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида куйиниб гапирадилар. Боиси бунда юртимиз фаровонлигини таъминлаш, аҳолининг шахсий даромадларини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда фуқаролар бандлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлаётир.

Бироқ мамлакатимиздаги ўзгаришлар жараёни, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай, бу борадаги ишлар кўнгилдагидек эмас. Афсуски, айрим юртдошларимизнинг ҳали ҳам томорқадан самарали фойдаланиш бўйича дунёқараши ўзгармаган. Бугун кўп оилаларга ташриф буюрсангиз, хонадон эгалари ҳайхотдек ерга чорва моллари учун озуқа маҳсулот экиб қўйганини кўрасиз. Улар билан суҳбатлашсангиз, «Оиламиз чорва боқишга ихтисослашган. Шу мақсадда шахсий томорқага озуқа маҳсулоти экамиз, бунинг нимаси ёмон?», дея сизга эътироз билдиради. Тўғри, ернинг бўш ётганидан кўра унга бирор нима эккан яхши. Бироқ бу билан томорқадан самарали фойдаланилди, деб бўлмайди, ахир.

Ҳисоб-китобларга кўра, агар сиз 7 сотих ерга чорва учун озуқа (беда) эксангиз, йил охирида 700 минг, нари борса, 800 минг сўм даромад оласиз, холос. Аммо ўшанча майдонда иссиқхона ташкил қилиб, помидор ёки бодринг эксангиз, 25-30 миллион сўм соф фойда чўнтагимда деяверинг.

«Бир ҳовуч тупроқ – бир коса олтинга тенг»

— Афсуски, аҳоли орасида томорқанинг фойдаси, унинг даромад манбаи эканлиги юзасидан шунча тушунтириш ишлари олиб боришимизга қарамай, ҳали ҳам боқимандаликни ўзига одат қилган оилалар йўқ эмас, — дейди Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саида Нормуродова. — Яна улар ишсизман, деб нафақа ҳам сўрашади. Ўзингиз ўйланг, ҳайхотдек томорқаси бор одам ишсиз бўлиши мумкинми? Баъзилар меҳнатдан қочиб, ерга фақат чорва учун беда экиб қўя қолишади. Бунинг устига чет элга иш излаб кетади. Бундайларни кўрганимда «Меҳнат қилишга шунча иштиёқинг бор экан, аввал, ўз хонадонингни обод қил», дегим келади. Тўғри, шу пайтгача томорқа ер эгаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга зарур бўлган минерал ўғитлар, сара уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш, ўсимликларни зараркунанда ҳашарот ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича бир қанча муаммолар бор эди. Бугун эса ҳар бир ҳудудда «Томорқа хизмати» МЧЖлар ташкил қилингач, бу борадаги камчиликлар барҳам топмоқда. Агар шундай шароит бўла туриб, ундан унумли фойдалана олмасак, рўзғоримизни бутлолмаймиз.

24 миллион долларли янги лойиҳа қандай самара беради?

Тан олиш лозим, бугун қишлоқ хўжалиги тизимида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, бу орқали одамларнинг реал даромадларини ошириш борасида қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, янги иш ўринлари яратиш, соҳага замонавий инновацияларни жорий этиш борасидаги ишлар мақтагулик эмас.

Шу боис яқинда халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда қишлоқларда кам таъминланган аҳоли даромадларини ошириш бўйича концепция ишлаб чиқилди. Янги лойиҳага кўра, эндиликда қишлоқ хўжалигида ишлаш имконияти ва иштиёқи бўлган 50 нафар инсон бир ҳудудда бирлаштирилиб, кооператив ташкил этилади. Бу ҳақда жорий йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам айтиб ўтилди.

— Бундай кооперативларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 15 гектар ер берилади, — дейди Жаҳонгир Раҳмонов. — Ажратилган ердан ҳар бир аъзога 20 сотих, кооператив иштирокчиси – ҳамкор тадбиркорга 5 гектар ер маҳсулот етиштириш учун берилади. Сўнг уларни янада рағбатлантириш учун 5 гектар ер ажратилади. Шу тариқа ишбилармон 50 ишчининг маҳсулотини сотиб олиш, сақлаш имконига эга бўлади. Мазкур лойиҳа, биринчи навбатда, Фарғона водийси ва Сурхондарё вилоятининг ишсизлик даражаси юқори бўлган ва фойдаланилмаётган захира ерлари мавжуд 22 та туманида жорий этилиб, 31 та кооператив тузиш кўзда тутилган. Жумладан, Асака, Бўстон, Пахтаобод, Улуғнор, Қўрғонтепа, Ангор туманлари шулар сирасидан. Мазкур тадбирларнинг умумий қиймати 24 миллион долларни ташкил этади. Шундан 15,5 миллион доллари халқаро молия институтлари маблағлари ҳиссасига тўғри келади.

Айтиш лозимки, мазкур лойиҳа орқали чекка ҳудудларда янги иш ўринлари яратилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш сифати яхшиланиб, экспорт ҳажми ортади. Ҳозирги кунда лойиҳа доирасидаги ишлар Сурхондарё вилояти Ангор туманида бошлаб юборилган.

Саъдулло ТУРСУНОВ

«Mahalla»


523
ЎзА