Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.11.2017 16:27 Чоп этиш версияси

Аҳоли талаб ва эҳтиёжи – энг муҳим масала

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тузилган секторлар фаолиятини янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах шаҳри тўрт секторга бўлинди.

Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қиладиган 3-секторга Тошлоқ, Заргарлик, Қассоблик, Оққўрғонлик, Халқобод, Учариқ, Ўратепалик, Турон ва Раваллиқ маҳаллалари бириктирилган. Ушбу маҳаллалардаги 6 минг 960 ҳовли, 102 кўп қаватли уйда 44 минг 872 нафар аҳоли яшайди. 7 умумтаълим мактаби, 3 касб-ҳунар коллежи, 1 академик лицей, 2 олий ўқув юртида таълим олаётган ўқувчи ва талабаларни ҳам ҳисобга олганда шаҳар аҳолисининг қарийб ярми ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.

– Президентимиз қўйган талаб даражасида “хавфсиз шаҳар” муҳитини барпо этиш катта куч ва масъулият талаб этишини секторимиз ишчи гуруҳи аъзолари тўлиқ ҳис этиб фаолият олиб бормоқда, – дейди Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Жўрабек Хожанов. – Ишчи гуруҳи томонидан уйма-уй юриб, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш бўйича сектор ҳудудини тўлиқ айланиб чиқишни назарда тутувчи жадвал ишлаб чиқилган. Унга кўра, ишчи гуруҳ аъзолари ҳар куни маҳалла ва хонадонларда бўлиб, аҳолининг муаммо ва таклифларини ўрганмоқда.

Сектор ишчи гуруҳи учун 2-шаҳар ички ишлар бўлими идорасида ажратилган хона зарур жиҳозлар билан таъминланган. Аҳолини қабул қилиш, тезкор ахборот алмашиш, доимий навбатчилик учун барча шароит яратилган. Ҳудуддаги оилалар, фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар, ўрганилган муаммолар, ҳал этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар, тегишли ташкилотларга жўнатилиб ижроси назоратга олинган ахборот тўпланган йиғма жилдлар кундан-кун кўпаймоқда.

Жилдлардаги ҳар бир маълумотда фуқароларнинг ижтимоий аҳволи, талаб-эҳтиёжлари, маҳалла, кўча, кўп қаватли уйлардаги аҳолини қийнаётган муаммолар, маънавий-ахлоқий муҳит, ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалалар, уларнинг ечими бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида аниқ ва тезкор ахборотлар акс эттирилган. Энг муҳими, ҳар бир маълумотдаги масалани ҳал этиш учун масъул ва бажарилиш муддати белгиланган. Шунинг учун ҳеч бир йиғма жилд жавонда узоқ туриб қолмайди. Бажарилгани назоратдан чиқарилиб, ўрнини янгиси эгаллайди.

Ишчи гуруҳ маълумотларига кўра, ноябрь ойининг биринчи ярмигача ҳудуддаги 5 минг 359 хонадон ўрганилган. Аниқланган 56 муаммонинг 44 таси жойида ҳал этилган. 12 таси шаҳар, 2 таси вилоят ҳокимлигига тақдим этилган.

Ўрганишлар давомида Заргарлик маҳалласида оммавий ҳашар ўтказилиб, ободонлаштирилди, эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Маҳалла ҳудудидаги 54 та кўп қаватли уй атрофи чиқиндилардан тозаланиб, Заргарлик, Осиё кўчаларига тунги ёритгичлар ўрнатилди.

“Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳудуддаги чорраҳалар, жамоат жойлари, таълим муассасалари, бозор, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўп қаватли уйларга 1 минг 362 видеокузатув камераси ўрнатилди.

Гуруҳ томонидан эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Заргарлик маҳалласидаги 12, Учариқ маҳалласидаги 7 эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Ўратепалик маҳалласида яшовчи I-гуруҳ ногирони Шоди Раҳимовнинг уйи таъмирланди.

– Жамоат жойлари, кўп қаватли уйлар, муассасалар ҳудудларининг саранжом-саришталиги, кўчалар, йўллардаги тартиб Президентимиз томонидан ҳудудий секторлар бежиз ташкил этилмаганини кўрсатиб турибди, – дейди Заргарлик маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси А.Мусаев. – Ободлик, аввало, маҳалладан бошланишининг исботи бу. Яхши ишга қўшилувчилар, кўмаклашувчилар сафи кенгаймоқда. Маҳалламиз фаоллари, оқсоқоллар секторнинг ишчи гуруҳи билан бажонидил ҳамкорлик қилмоқда. Эзгу ниятда бошланган ишлар, албатта, хайрли бўлади.

Энди маҳаллалардаги сектор тушунчаси ҳам, унинг мақсад ва вазифалари ҳам кўпчилик учун нотаниш бўлмай қолди. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар, ёшлар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш, бўш вақтини тўғри ташкил этишга қаратилган ишларда сектор фаолиятини маъқуллаб, ҳамкорлик қилишни истовчилар кўпаяётгани эътиборга молик.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги таълим муассасаларида ўтказилаётган учрашувларда иштирокчилар, айниқса, ёшлар ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирмоқда. Яхши иш қўллаб-қувватланаётган экан, демак, яхши ўзгаришлар ҳам кўпаяверади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 102






Все о погоде - Pogoda.uz