Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.08.2017 18:55 Чоп этиш версияси

Аҳоли фаровонлиги йўлидаги эзгу ишлар

Тошкент вилояти Қибрай туманида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари, хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари, ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, хотин-қизлар, ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг фарзандларини ёзги оромгоҳларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан 175 эҳтиёжманд аёлга маиший техника жиҳозлари берилди. Саломатлигини яхшилаш учун 6 аёлга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланма берилди.

– Байрам арафасида “Касаба сайр” шўъба корхонаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидан 100 дан ортиқ нуронийнинг Хива ва Самарканд шаҳарларига саёҳати ташкил этилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Ш.Собиров. – Бундан мақсад мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга оз бўлса-да, ҳисса қўшишдир. Бугун Ватан олдидаги хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига моддий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг фарзандларига ўқув анжомлари берилди.

Тадбир доирасида ўтказилган “Касаба уюшмалари – ёшларга” акциясида Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олаётган 21 нафар истеъдодли, эҳтиёжманд талабага касаба уюшмалари стипендияси сертификати топширилди.

Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 201






Все о погоде - Pogoda.uz