Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 18:08 Чоп этиш версияси

Аҳиллик ва меҳр-мурувват байрами

Навоийда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан “Наврўзимдан нурафшон юртим!” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.

Президентимизнинг жорий йил 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сумалак сайли, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Халқ оғзаки ижодидан намуналар ҳамда баҳор юмушлари акс эттирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

–Халқимизнинг боқий анъаналарини давом эттираётганимдан фахрланаман, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими аъзоси М.Шарипова. – Тўқувчиликни невараларим, маҳалла хотин-қизларига ўргатмоқдаман. Миллий қўғирчоқлар тўқишни ҳам йўлга қўйдик. Болалар учун ажойиб ўйинчоқлар тайёрлаяпмиз. Наврўз сайлларида маҳсулотларимиз кўргазмаси ташкил этилаётганидан хурсандмиз.

Ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, айниқса, гавжум. Нурота каштачилиги намуналари кўзни қувонтиради, сўзаналар тарихдан сўзлайди.

–Момо мерос шу ҳунар ортидан обрў-эътибор топиб юрибмиз, – дейди нуроталик каштадўз Н.Ҳамроева. – Асосан, қалампир, анор ва бодом нусха кашталар тикаман. Миллий маҳсулотларимизга Франция, Туркия давлатлари, ҳатто океан ортида ҳам талаб юқори.

Байрам тадбири доирасида ўтказилган шахмат мусобақасида Навоий шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фаррух Ҳамидов биринчи ўринни қўлга киритди. Кураш мусобақаларида вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ғолиб бўлди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг туман ва шаҳарларида давом этмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 966






Все о погоде - Pogoda.uz