Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.08.2017 08:05 Чоп этиш версияси

Аҳиллигимиз, бирдамлигимиз намойиши

Аҳиллигимиз, бирдамлигимиз намойиши
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда

Халқимиз азалдан покизалик, орасталик, саранжом-саришталикни юксак қадрлайди. Ҳовли-жойлар, кўча-кўй, ён-атрофни озода, ораста сақлашдек қадриятларимиз инсон қалбидаги поклик ва ободликдек эзгу тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ.

Истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларнинг бардавомлигини таъминлаш, улғайиб келаётган авлодни ибратли анъаналаримизга содиқлик, ватанпарварлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, фидойилик руҳида камол топтириш масаласига устувор аҳамият қаратила бошланди. Кўплашиб шаҳару қишлоқларни обод этиш, маҳаллаларни янада кўркам қилиш, гул-кўчатлар ўтқазиш, ям-яшил майсазорлар, боғлар, сўлим хиёбонлар яратиш, атрофни чиннидек саришта ҳолатга келтириш бошқалар намуна олса арзигулик қадриятларимиздан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар жараёнида одамлар кўнглига йўл топа билиш, уларни ўйлантираётган долзарб масалалар моҳиятининг илдизига етиб бориш, камчиликларни ўз вақтида, тезкорлик билан бартараф этишга оид илғор ташаббуслар ҳамюртларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларни жадал ислоҳ этиш, халқимиз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш, янгидан-янги ижтимоий объектлар барпо этиш, юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, маҳаллаларнинг имтиёз ва имкониятларини тобора кенгайтириш каби кенг қамровли ишлар халқимиз ҳаётининг янада обод ва тўкин бўлишидек мақсадларга хизмат қилмоқда. Юртимизда уй-жой коммунал соҳалари, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатновини янада яхшилаш, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

15 (3).JPG

Президентимизнинг 2017 йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ энг улуғ ва энг азиз айём – Ватанимиз истиқлолининг 26 йиллигини юксак савияда нишонлаш учун зарур барча чоралар кўрилмоқда. "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида қизғин тайёргарлик кўрилаётган бу йилги қутлуғ сана арафасида барча юртдошларимиз мамлакатимиздаги тинч ва осуда ҳаётни, мусаффо осмонимизни, кўп миллатли халқимизнинг ўзаро тотув ва аҳиллиги, жамиятимиздаги ўзаро меҳр ва оқибат, эъзоз ва ҳурмат, саховат муҳити энг катта бойлик эканини яна бир карра теран ҳис этмоқда.

Халқимизнинг бирдамлиги, якдиллиги, ҳамжиҳатлиги умумхалқ хайрия ҳашари мисолида ёрқин намоён бўлмоқда. Улуғ айём –Мустақиллик байрамини муносиб нишонлашга катта тайёргарлик кўриш, ўзаро меҳр-оқибатни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват, саховат каби тушунчаларнинг моҳиятини ёшларга теранроқ тушунтириш, маҳаллалар, турар жойларни янада обод этиш, жойлардаги санитария ҳолатини янада яхшилаш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида жорий йилнинг август ойи ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 19-20 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари сифатида эълон қилинди.

Ўзбекона меҳнатсеварлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик рамзига айланган ушбу ҳашар юртимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка қишлоқ ва овулларда, маҳаллаларда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувида умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди.

Умумхалқ хайрия ҳашари жойлардаги барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида уюшқоқлик билан ташкил этилиб, юртдошларимиз фаол қатнашмоқда. Ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ариқ-зовурларни тозалаш, дарахтларга шакл бериш ва оқлаш, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

6 (5).JPG

Кўплаб маҳаллаларда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, "Гўзаллик салонлари", маҳалла гузарлари барпо этиш ишлари айни ҳашар кунлари ниҳоясига етказилмоқда. Шунингдек, янги маҳалла идоралари, болалар спорт майдончалари фойдаланишга топширилмоқда.

– Ҳашар вилоятимиздаги 497 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кўтаринки руҳда бошланди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Хоразм вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бекзод Машарипов. – Бундай савобли тадбирга уюшмаган ёшлар ҳам кенг жалб этилгани уларни юрт тақдири учун дахлдорлик, эртанги кун учун масъулиятни ҳис этиш, истиқлол неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш руҳида тарбиялашда муҳим роль ўйнайди..

– Бундай эзгу тадбирлар одамларни бир-бирига янада яқинлаштиради, – дейди Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги "Ватанпарвар" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мамлакатхон Ҳамидова. – Маҳалламиз ҳудудида 27 та кўп қаватли уй бор. Кўчалар, уйлар атрофи, болалар майдончаларининг ҳудудлари тозаланмоқда. Ҳашарда кўп миллатли маҳалладошларимизнинг бари фаол қатнашаётгани уларнинг шу Ватанга, унинг тақдирига бефарқ эмаслигидан дарак беради.

Ҳашар кунлари кам таъминланган, алоҳида эҳтиёжли оилалар, нуронийлар, боқувчисини йўқотганларга кўмак кўрсатиш, беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг уйларини таъмирлаш, моддий ва маънавий ёрдам бериш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилади. Ўз иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттираётган ҳар бир корхона, муассаса, ташкилот ходимлари ҳам умумхалқ хайрия ҳашарига ўз улушини қўшмоқда.

Назокат Усмонова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
2 644






Все о погоде - Pogoda.uz