Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 17:25 Чоп этиш версияси

Ўзбек Миллий академик драма театрида аҳил ва мустаҳкам оила мавзусида маънавий-маърифий анжуман бўлиб ўтди

Оиланинг тинч-тотувлиги, фаровонлиги кўп жиҳатдан хонадондаги ёши улуғ инсонларга, қайнона-қайнота, бобою бувиларимизга боғлиқ. Уларнинг ўгитлари, панду насиҳатлари туфайли кўплаб оилалар бузилиб кетишининг олди олинмоқда.

Шу боис мамлакатимизда оилалардаги маънавий муҳитни белгиловчи хотин-қизлар, айниқса, қайноналар билан ишлашнинг янги механизмлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ёшларда оилани муқаддас билиш кўникмаси шаклланмокда.

Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтган маънавий-маърифий анжуманда шулар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мутасадди ташкилотлар вакиллари, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур, Бектемир, Сергели, Яшнобод, Юнусобод ва Яккасарой туманларидан ибратли қайнона ва келинлар, ёши улуғ онахонлар иштирок этди.

Бугунги кунда юртимизда фуқаролар йиғинлари ҳузурида “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси ташкил этилган. Бу кенгаш оилалар фаровонлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш, унинг маънавий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, шунингдек, оналик ва болаликни ҳимоялаш, баркамол авлодни вояга етказиш, соғлом маънавий муҳит барқарорлигини сақлашга хизмат қилади. Жорий йилда “Қайноналар кенгаши” томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар самарасида 18 мингга яқин оила яраштирилди.

Анжуманда “Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаолиятини такомиллаштириш ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олишга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Яккасарой туманидаги “Дамариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Гулнора Умматова маҳалладаги ибратли, кўпни кўрган, оқила қайноналардан. Гулнора опа беш ўғилни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялади. Бугун тўрт келин ва ўндан зиёд набиралар билан аҳил-иноқ яшамоқда.

– Келин ҳам бировнинг жондек боласи, шунинг учун ҳар бир қайнона келинга ўз фарзандидек муносабатда бўлса, ҳеч бир оилада муросасизлик келиб чиқмайди, – дейди Г.Умматова. – Оилани ҳамжиҳат қилиш, келин ва фарзандлар ўртасида соғлом муҳитни таъминлаш оила катталаридан талаб этиладиган муҳим вазифадир. Бугунги анжуманда ҳам бу борада бир қатор маслаҳатлар берилгани хонадонлар аҳиллигига хизмат қилади.

Оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилаларнинг ижтимоий-маънавий ва моддий ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётган, гоҳида ажримгача олиб келаётган дабдабали тўй-ҳашамлар ва бошқа оилавий маросимлардаги исрофгарчиликларга чек қўйиш, уларни ихчамлаштириш, қайнона-келин ўртасидаги ижобий муносабатларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбир доирасида мавзуга оид кўргазмалар, қайнона-келин ўртасидаги муросасизлик, оилавий можаролар ва уларни бартараф этиш йўллари акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди. “Машриқ машъали” ўқув маркази психологлари томонидан “Қайнона” номли тест-тренинглар ўтказилди. Тадбирда фаол иштирок этган қайнона-келинларга Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномаси топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 424






Все о погоде - Pogoda.uz