Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.06.2018 22:42 Чоп этиш версияси

Миллий ўзликни англаш юксалмоқда

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Ўзбекистонликларнинг миллий ўзликни англаши" мавзуида навбатдаги ижтимоий сўрови ўтказилди.

Тадқиқотдан кўзланган мақсад 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майдаги "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, Ўзбекистон аҳолисининг истиқлол йилларида миллий ўзликни англаш қиёфаси, мамлакатда миллатлараро муносабатларнинг барқарорлиги омиллари ва истиқболларини аниқлашдан иборат эди.

Ижтимоий сўров ўзбекистонликларнинг миллий ўзлигини англашида халқи, тарихи ва миллий маданиятига дахлдорлик туйғуси барқарор ривожланаётгани ва маънавий бирдамлиги кузатилаётганини кўрсатди.

Респондентларнинг қарийиб ярми (46,2 фоизи) маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликни салбий ҳолат сифатида баҳолаб, буни мамлакат ривожланишига халақит берувчи омил, деб ҳисоблайди. Маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликни одатий ҳол, деб ҳисобловчи респондентлар (38,6 фоиз) ҳам унинг халқ манфаатларига зид келишини таъкидлаган. 

Тадқиқот иштирокчиларининг аксарияти (92 фоизи) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортида миллати ёзилишини қўллаб-қувватлаган. 

Ўзбекистонликлар ўз миллатига мансублик ҳиссини туғилиб ўсган юрти тарихига муҳаббати (74 фоиз), халқи билан маънавий бирдамлиги (65,5фоиз), "Мен ўз она тилимда гапираман ва ўйлайман" тамойили (63,2 фоиз), миллий туйғуларни мустаҳкамлайдиган миллий одат ва анъаналарга асосланган турмуш тарзи ва маданияти (60,8 фоиз) орқали ифодалайди.

Таъкидлаш зарурки, мамлакат ёшлари Ўзбекистон тарихи, маданияти ва маънавий меросини ўрганишга жиддий қизиқади. Бу мавзуга доир сўровномада 16-29 ёшдаги респондентларнинг 68,1 фоизи, 30-39 ёшдаги респондентларнинг 68,2 фоизи ана шундай фикр билдирган. 

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва аҳамияти ҳақидаги фикрларнинг қиёсий таҳлили республика аҳолиси ватанпарварлиги ва фуқаролик онгининг юқори даражада эканини намоён қилди. Иштирокчиларнинг 87,5 фоизи Ўзбекистон – бой маданий-тарихий, бадиий ва илмий меросга эгалигини тасдиқлаган. 62,7 фоиз респондентлар эса Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида фойдали қазилмаларга ва маҳсулотларга бой мамлакат, деб баҳолайди.

Ижтимоий сўров Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократияни янада ривожлантиришга доир ҳаракатлар инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириши, ижтимоий адолатни таъминлаш мумкинлигини кўрсатди. Кўпчилик респондентлар Ўзбекистон мустақиллиги уларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашини эътироф этган. 

Респондентларнинг 89 фоизи Ўзбекистон байроғини кўрганда ва Давлат мадҳиясини эшитганда ўзини фахр туйғуси чулғаб олишини таъкидлади. 

94,4 фоиз иштирокчилар, айниқса, аксарият ёшлар ўзини ватанпарвар, деб билади. 

Тадқиқот натижаси ўзбек жамиятининг этник-ижтимоий моҳияти умумий эканлигини кўрсатди. Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат, бу ерда миллати ва эътиқодидан қатъий назар барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги Конституция билан кафолатланган. Бу фикрни ижтимоий сўровда иштирок этган барча миллат вакиллари тасдиқлаган. 

Ижтимоий сўровда қатнашган аксарият иштирокчилар бошқа мамлакатда яшашни истамаслигини билдирган. Уларнинг фикрича, дунёда Ўзбекистондан кўра яхшироқ мамлакат йўқ. 

Аввалги ижтимоий сўровлар билан қиёсий таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, бошқа давлатда вақтинча яшашга кетишни истамайдиган аҳоли сони камайган ва бошқа давлатда яшашга кетиш истагига мутлақо қарши. Кўпчилик ота-оналар фарзандларининг вақтинча бўлса-да чет мамлакатга ўқиш ва ишлаш учун кетишини истамайди. Улар 48,9 фоизни ташкил қилган. Тадқиқотда қатнашган 31,6 фоиз ота-оналар эса фарзандларини чет элга ўқиш ёки ишлашга жўнатишни хоҳлайди. 

Ижтимоий сўров натижаси ўзбекистонликларнинг миллий фуқаролик позицияси шаклланишига оила ва ота-оналар энг кучли таъсир кўрсатишини кўрсатди. Бу фикрни тасдиқлаган иштирокчилар 82,2 фоизни ташкил қилган. 69,2 фоиз иштирокчи миллий фуқаролик позицияси ўқув муасссаларида, 62,4 фоиз иштирокчи эса маҳаллада ва жамоатчилик фикри билан шаклланади, деб ҳисоблайди. 

Оммавий ахборот воситалари миллий онгни шакллантириш жараёнига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Аммо кейинги вақтда ОАВнинг роли бирмунча пасайган. Бу фикрни сўровда қатнашган 41,1 фоиз иштирокчи тасдиқлаган.

Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги давлат тилини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Сўровномани тўлдирган 75,1 фоиз иштирокчи давлат тилини янада мукаммал ўрганиш учун шарт-шароит ва имкониятларни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш зарурлигини айтган. 

Тадқиқот натижалари ўзбекистонликларнинг рус, инглиз тили ва бошқа хорижий тилларни ўрганишга эҳтиёжи борлигини кўрсатди. 

Ижтимоий сўров таҳлилига кўра, фуқаролар Президентимизнинг "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ўз вақтида қабул қилинган, деб ҳисоблайди ва давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган миллатлараро тотувлик ҳамда мамлакатда бағрикенгликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

Умуман, ижтимоий сўров ўзбекистонликларнинг миллий тикланиши жадал кечаётгани ва миллий онгнинг юксалиши, фуқаролар онгида ягона кўпмиллатли оилага мансублик туйғуси мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатда миллатлараро муносабатларнинг барқарорлигини намойиш этди. 

"Ижтимоий фикр" маълумотлари
асосида тайёрланди.

ЎзА
4 013