ЎзА Ўзбек

26.04.2018 17:51 Чоп этиш версияси

96,7 миллиард сўмлик суғурта тўловлари амалга оширилди

«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти тизимида суғурта даъволарни кўриб чиқишни такомиллаштириш ҳамда мижозларга етказилган зарарни тез муддатда тўлаб бериш самарадорлиги доимий равишда ошириб борилмоқда. 2017 йилда жами 96,7 миллиард сўмлик суғурта тўловлари амалга оширилган.

Ялпи суғурта мукофотлари тушуми 133,8 миллиард сўмни ташкил этди. Шу жумладан, аҳоли суғуртаси тури бўйича 46,1 миллиард сўм, қишлоқ хўжалиги суғуртаси турлари бўйича 37 миллиард сўм суғурта мукофотлари тушумига эришилди.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти маҳаллий суғурта бозорида қарийб барча суғурта компаниялари билан чиқувчи ва кирувчи қайта суғурта хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Халқаро алоқаларни ўрнатиш масалаларида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган. Қайта суғурта фаолиятини янада ривожлантириш, уни жаҳон стандартларига мослаштириш каби масалаларда чет эл суғурта ва қайта суғурта компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Жумладан, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия сингари ривожланган давлатлар қайта суғурта компаниялари ва брокерлари билан алоқалар бор.

Жамият мижозларига қулайлик яратиш мақсадида келгусида «Ўзагросуғурта» АЖ фаолияти ва хизматлари ҳақида батафсил маълумот берувчи сенсорли ахборот инфокиоскларини жорий қилиш режалаштирилган. Шунингдек, жамиятнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маълумотларнинг ноқонуний чиқиб кетиши олдини олишга қаратилган тизим жорий этилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 386