ЎзА Ўзбек

15.05.2019 Чоп этиш версияси

8-синф ўқувчиси метрополитендан фойдаланишда инновацион тўлов тизими лойиҳаси устида ишламоқда

8-синф ўқувчиси метрополитендан фойдаланишда инновацион тўлов тизими лойиҳаси устида ишламоқда

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Баркамол авлод – Ватан фахри» таълим лойиҳасининг Экспертлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳридаги 64-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг энг яхши илмий ишлари тақдим этилди.

Мазкур лойиҳа 2010 йилда «Шарқ аёли» халқаро аёллар жамоат фонди томонидан ишга туширилган. 

photo5395318371295275798.jpg

– Лойиҳам "Subpay" деб номланади ва бу метрополитендан фойдаланишда инновацион тўлов тизими лойиҳаси бўлиб, унинг мақсади тўлов тизимини яхшилаш, – дейди Тошкент шаҳридаги 64-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Камолиддин Қаҳҳоров. – Биламизки, ҳозир метрода “жетон”лардан фойдаланилади. Бу технологиялар ривожланаётган ХХI аср учун бироз эскирган усул. Лойиҳа ўз ичига 3 та элементни олади, улар тўлов карточкаси, мобиль илова ва турнекетларга керакли ўзгартиришларни киритиш. Натижада йўловчи узоқ навбатларда туриб “жетон” сотиб олишига ҳожат қолмайди, карточкага ўзига керакли маблағни истаган усулида тўлаб фойдаланади. Карточкани турнекетга яқинлаштиришнинг ўзи кифоя. Бу каби инновацион усуллардан ривожланган давлатлар фойдаланишади, бизнинг лойиҳанинг афзаллиги тўлов тизимининг анчайин соддалаштирилгани. Лойиҳани янада ривожлантиришда устозларим ҳам маслаҳат бермоқда. Келгусида ахборот технологиялари бўйича таълим олишни давом эттирмоқчиман. 

Бундан ташқари ўқувчилар тақдим этган илмий ишлар орасидан "Маркетинг", "Бахт – бу нима?", "Микроорганизмлар ва сиз", "Шовқин ва инсон учун унинг оқибатлари" каби қизиқ мавзулардаги лойиҳалар ўрин олган. 

Тадбирда ҳар бир маърузачининг нутқи катта кизикиш билан тингланди, илмий ишларнинг долзарблиги ва амалий аҳамияти баҳоланди. Экспертлар кенгаши аъзолари тадқиқотчиларнинг мехнатсеварлиги ва қобилиятларини юксак бахолади ва лойиҳа иштирокчилари дипломлар билан тақдирланди.

4 473
Инобат АҲАТОВА, ЎзА