ЎзА Ўзбек

24.01.2019 13:05 Чоп этиш версияси

519 минг нафардан ортиқ пенсионернинг пенсия миқдори 65 минг сўмдан 263 минг сўмгача оширилди

519 минг нафардан ортиқ пенсионернинг пенсия миқдори 65 минг сўмдан 263 минг сўмгача оширилди

Жорий йилнинг 1-январидан бошлаб, ишловчи пенсионерлар учун пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланмоқда. Бу эса аҳоли орасида пенсия ва у билан боғлиқ жуда кўп саволларга сабаб бўлмоқда. Мулоҳазалар кўпайди. Ўз ўрнида эътирозлар ҳам билдирилмоқда.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш ва унинг моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси раҳбарлари ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказди.

– Ўтган йилнинг декабрь ҳолатида юртимизда ишловчи пенсионерлар сони 118 минг нафардан кўпроқ бўлган, –дейди Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ё.Турсунов.– Уларнинг фақат 40 минг нафари ёки 34 фоизига пенсия тўлиқ тўланган. Қолганлар эса иш жойидан 50 фоиз пенсия олар эди. Энди январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланади.

Яна бир янгилик Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилиши белгиланди. Олдинлари иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсия ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмас эди.

Айтайлик, фуқаронинг ўртача ойлик иш ҳақи - 2200 минг сўм стажи 35 йил. Унга пенсия ҳисоблашда ҳозирга қадар 1621,8 минг сўм яъни ЭКИҲининг 8 баравари инобатга олинган. Қолган қисми эса ташлаб юборилган. Пенсиянинг таянч миқдори белгилаб олингач, талаб этилганидан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланган. Шунда пенсиянинг умумий миқдори 1054 минг сўмни ташкил этган.

Бу сўмма янги тартибда қандай бўлади? Энди унинг маблағи 1621,8 минг эмас, балки 2027,3 минг сўм бўлади. Бунда ЭКИҲ 10 баравари ҳисобланади. Шунда пенсиянинг таянч миқдори 1115 минг сўм бўлиб, унга ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимча ҳисобланса пенсиянинг умумий миқдори 1317 минг сўмни ташкил этади. Ёки 263 сўмга ошади.

Ҳозирда 519 минг нафардан ортиқроқ пенсионернинг пенсия миқдори ўртача 65 минг сўмдан 263 минг сўмгача оширилди.
Қайд этиш жоизки, ҳар бир шахс учун пенсия миқдори индивидуал тарзда ҳисобланади.

Сайёра Шоева, ЎзА
4 621