Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.03.2018 20:32 Чоп этиш версияси

5 тонналик сумалак тафсилотлари

5 тонналик сумалак тафсилотлари
Наврўзда энг кўп эътибор Наманганга қаратилди

Наманганда бу йил Наврўз байрами ҳар сафаргидан-да кўтаринки руҳда бошланди. Аввал маълум қилинганидек, 5 тонналик сумалак тайёрланиши ҳақидаги хабар нафақат наманганликлар, балки мамлакатимиз вилоятлари аҳли эътиборини Наманган Наврўзига қаратди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тайёрланган оғирлиги 3 тонналик дошқозон ва ўчоқнинг карнай-сурнай садолари остида келтирилиши ва ўрнатиш жараёнлари ҳам катта шодиёнага айланди. Қозон шаҳарликлар ва вилоят меҳмонлари учун асосий Наврўз сайилгоҳларидан бири бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига ўрнатилди.

19 март куни соат 20.00 да Наврўз тарихидаги илк энг кўп миқдордаги сумалак масаллиқлари қозонга солинди.

4.jpg

– Муҳтарам Президентимиз томонидан Наврўзни азалий анъаналаримизга хос халқ сайли тарзида нишонлашга катта эътибор қаратилаётгани бутун халқимиз дилидаги иш бўлмоқда, – дейди Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари, сумалакни пиширишга масъул пазанда Мавлуда опа Жўрабоева. – Бундан илҳомланган юртдошларимизнинг кўп миқдорда сумалак тайёрлаш борасидаги ташаббусида ҳам бу ўзининг ёрқин ифодасини топаётир.

М.Жўрабоеванинг сўзларига кўра,– Сумалак пиширишга тайёргарлик 24 февраль кунидан бошланди. Уни пиширишга ўзига хос танлов асосида 25 нафар тажрибали сумалакчи аёл танлаб олинди, – дейди М.Жўрабоева. – Юз нафардан зиёд пазанда аёл қатнашган танловнинг асосий шарти шу бўлдики, улардан маҳалла-кўйда ўзлари тайёрлаган сумалакдан бир пиёладан олиб келиш сўралди ва энг сифатли сумалак муаллифлари саралаб олинди.

18 (1).jpg

Тайёргарлик жараёнида 1,1 тонна буғдой тозаланди ва ювилди, 2,5 тонна ун элакдан ўтказилди. Бу жараёнларда 300 нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди. Ювилган буғдой махсус тайёрланган ва умумий юзаси 112 квадрат метрдан кўпроқ бўлган 50 хонтахтага ундиргани қўйилди. Сумалак пиширишга жалб этилган 25 нафар аёлнинг туну кун навбатчилиги ташкил қилинди. Чунки буғдойга об-ҳавога қараб ҳар уч соатда сув сепиб туриш, униш суръатини бошқариб туриш керак. Акс ҳолда буғдой белгиланган кунга зарур даражада унмай қолса режа барбод бўлганидек, муддатидан аввал меъёридан ортиқ ўсиб кетган буғдой майсасидан тайёрланган сумалак тахир бўлиб қолади. Майсани парваришлаш жараёнида отинойилар томонидан хатми қуръон ўқилди, юртимизга тинчлик-осойишталик, деҳқончиликларимизга барака, эзгу ишларимизга ривож тилаб, дуою саловотлар билан сув сепиб турилди.

Ажиб бир ҳикматни қаранг-ки, қиймалагичдан чиқарилган 5,2 минг литр буғдой шираси мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллигига рамзий ишора сифатида катта қозон атрофига жойлаштирилган 27 дошқозонга жо бўлди.

13.jpg

Юқоридаги масаллиқлардан ташқари яна 250 литр ўсимлик мойи ва 2,4 минг литр сув ишлатилган ва дарёдан махсус териб келиб ювиб-қайнатиб тозаланган тош солинган сумалак 24 соат қайнади. Тун бўйи ўчоқбоши лапарлар, ёр-ёрлар, эзгу тилаклар, холис ниятлар билан файзиёб бўлди. Ниҳоят 21 март – Наврўз тонгида обдон дам едириш учун ўраб қўйилган қозон ўрамаси очилди. Борлиқни тансиқ ва ёқимли, соғинилган сумалак бўйи тутиб, кўклам нафасига қоришиб кетди.

Боғда жарчининг овози янгради: “Одамлару одамлар, тоғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар, кейин пушмон еманглар э-ҳе-е-й!..” Шундай ҳам тун бўйи одам аримаган сайилгоҳ тўрт томондан оқиб кела бошлаган юртдошларимиз билан бир пасда гавжум бўлди. Неварасини етаклаб олган буваю бувилар, бахтиёр ёш ота-оналар, ўктам йигит-қизлар, барча-барчанинг юз-кўзида байрамона кайфият жилваланади.

Наврўз сайли сумалак тарқатиш билан бошланди.

20.jpg

– Сумалакнинг учдан бир қисми вилоятдаги Меҳрибонлик, Саховат уйлари, шифохоналар ва кам таъминланган оилаларга етказилади, – дейди мега-сумалак тайёрлаш ғояси ташаббускори, “Наманган китоб олами” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, шаҳар кенгаши депутати Маъруфжон Мўминов. – Бундан ташқари, сайилга келган юртдошларимиз, вилоятимиз меҳмонлари ҳам эзгу ниятлар билан тайёрланган баҳор таомидан баҳраманд бўлишади. Уларга шу мақсадда тайёрлаб қўйилган 15 мингдан зиёд бир марталик идишларда сумалак тарқатилади.

Ҳа, вилоятнинг туманлари, олис қишлоқ ва маҳаллаларида бошланган Наврўз сайли шукуҳи бугун вилоят марказидаги маданият ва истироҳат боғида авж пардасида янгради. Бу ерда шаҳарнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим-тарбия, маданият ва тиббиёт муассасалари жамоалари жам бўлди. Бир томонда “Наманган китоб олами”нинг китоблар кўргазмаси, бир томонда яқинлашиб келаётган “Гул байрами” олдидан астойдил изланаётган гулчиларнинг энг ноёб гуллари намойиши. Варраклар мусобақаси, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари... Барча-барчасида тинчлик, фаровонлик, гўзаллик, шодлик ранглари уйғунлашиб кетган.

8 (1).jpg

– Мен кеча эрталабдан келиб, сумалак пишириш жараёнини мўйқаламга олишни бошлаган эдим, – дейди ёш мусаввир, Наманган давлат университети магистранти Муқаддас Темирова. – Тўғри, бундай гавжум жойда ижод қилиш қийин, лекин бундай жонли манзарани яна қачон, қаердан топиб бўлади?! Хаёлан чизиш мумкин, аммо унда бугунги руҳиятни акс эттириб бўлмайди. Қанчалик уддасидан чиқдим, мухлис ва мутахассислар баҳо беришар-ку, лекин мен шундай гўзал байрамнинг энг ажойиб манзарасини мойбўёқ билан матога кўчирганимдан ғоят бахтиёрман.

“Дўппидай ош” кўрик-танловида моҳир пазандалар энг кам миқдор – 250 грамм гуруч дамлаш бўйича баҳсга киришдилар, яна бир ёнда эса “Тандир шоу” беллашуви, унда новвою сомсапазлар тандирда пишириладиган таомлар тайёрлаш маҳоратини синовдан ўтказмоқда.

Бундан ташқари, Наманган шаҳрининг тўрт катта хиёбонида ҳам халқ сайли давом этди. Уларда вилоятдаги барча ансамбль, фольклор, халқ цирки жамоалари, эстрада хонандалари, таниқли адиб ва шоирлар, санъаткорлар, маънавият тарғиботчилари жойларда эл-юртга хуш кайфият улашди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
12 182