ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:54 Чоп этиш версияси

419 нафар ноқонуний ҳаракат қилган абитуриент имтиҳондан четлаштирилди

419 нафар ноқонуний ҳаракат қилган абитуриент имтиҳондан четлаштирилди Адолат қарор топаётгани боис кўпгина ёшларнинг ҳаётга қарашлари ўзгармоқда.

Тест – 2018 тадбирлари Қашқадарё вилоятида ҳам холис ҳамда ҳаққоний ўтмоқда. Эслатиб ўтамиз бу йил илк бор биопаспорт қурилмаларининг жорий этилгани жараённинг шаффофлигини таъминламоқда. Кенг ва ёруғ манежларда бир навбатда 1 минг 800 нафар абитуриент тест синовларидан ўтказилмоқда ва жараён бевосита 60 га яқин камералар кузатувида олиб борилмоқда.

– Қашқадарё вилоятидаги олий таълим муассасаларига 1 августдан тест синовлари бошланди, – дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи Беҳзод Жўраев. – 1-4 август кунлари Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига ҳужжат топширган абитуриентларимиз тест синовларидан тўлиқ ўтказилди. Ушбу жараёнда 1 минг 600 дан зиёд абитуриентларимизга талабаликка тавсия қилиш натижалари эълон қилинди. Албатта, тест синовлари бўлиб ўтган куннинг эртасигаёқ абитуриентларимиз ўзларининг натижаларини билиб бормоқдалар. 5 августдан эътиборан ТАТУ Қарши филиали ва Қарши давлат университетига ҳужжат топширган абитуриентларга тест синовлари бошланди. Улар учун барча шароит ва қулайликлар яратилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 1-6 август кунлари бўлиб ўтган тест синовларида 26 минг 223 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган эди. Аммо кучли назорат ўрнатилгани боис ноқонуний ҳаракат қилган 419 нафар ёш имтиҳондан четлаштирилди. Адолат қарор топаётгани боис кўпгина ёшларнинг ҳаётга қарашлари ўзгармоқда. Анча йиллардан буён имтиҳон жараёнларидаги нохолисликлар туфайли талаба бўлиш бахтига эришолмай юрган билимдон ёшлар жорий йилда ҳеч қандай қийинчиликларсиз ўқишга қабул қилинмоқда.

– Мана бу йил иккинчи бор ўқишга ҳужжат топширишим, – дейди Баҳром Омонов. – Ўтган йилдагидан камроқ натижа кўрсатган бўлсамда, талабалик бахтига эришдим. Тест синовлари жараёнида шаффофлик, адолат мезонлари юқори даражада таъминланган. Келажакда танлаган йўналишим нефть-газ соҳаси бўйича етук кадр бўлиб етишишни мақсад қилганман.

Дарҳақиқат, бу каби яратилган шарт-шароитлар ёш авлоднинг билим олишга бўлган иштиёқини янада ошишига хизмат қилади.

Тест – 2018 тадбирлари давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
5 775