Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 21:33 Чоп этиш версияси

35 нафар самарқандлик Ўзбекистон фуқароси бўлди

35 нафар самарқандлик Ўзбекистон фуқароси бўлди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 6 мартдаги фармонига кўра, Самарқанд вилоятида яшовчи 35 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида ушбу шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини тантанали топшириш маросими ўтказилди.

2.JPG

Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқ ҳаёт кечириши учун зарур ҳуқуқий асос, кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди.

3.JPG

Президентимизнинг кейинги икки йил давомида қабул қилган фармонларига кўра, кўплаб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам 2017 йилда 27 нафар шахсга фуқаролик паспорти берилди. Бу йил уларнинг сафи яна кенгайди.

4.JPG

– Асли самарқандлик бўлсак-да, ота-онам маълум муддат Тожикистонда яшагани учун мен 1988 йилда ўша республикада туғилганман, – дейди Самарқанд туманидаги Оҳалик қишлоғида яшовчи Манижа Жабборова. – 1993 йилда юртимизга қайтиб келганмиз. Шу ерда билим олдим, олий ўқув юртида ўқидим. Оила қуриб, икки нафар фарзандли бўлдим. Ҳозирда 30-умумий ўрта таълим мактабида сабоқ бераман. Лекин бир армоним бор эди – шу пайтгача Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. Бугун орзуим ушалиб, Ўзбекистон фуқароси паспортини қўлимга олдим. Президентимиздан миннатдормиз!

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
7 583