ЎзА Ўзбек

13.04.2018 18:21 Чоп этиш версияси

26 йиллик орзулар ушалган кун

Қашқадарё вилояти ҳокимлигида 8 нафар юртдошимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти топширилди.

Ўз юртининг ҳақиқий фуқароси бўлиш инсон учун улуғ шараф. Нишон туманида яшовчи Бўри Холбоев неча йиллар ана шу бахтдан бенасиб яшади. Бўри ака асли Қашқадарё вилояти Қарши туманида туғилган. Тақдир тақозоси билан бир муддат Тожикистон Республикасида яшаган. Ўзбекистонга 1992 йилда қайтиб келган. Унинг 26 йиллик орзу-армонлари ушалиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

– Бугун ҳаётимда шундай қувончли кунки, уни ҳеч қандай сўз билан таърифлаб беролмайман, – дейди кўзида ёш билан Б.Холбоев. – Чунки 1992 йилдан буён ўз юртимда фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшадим. Менда ҳеч қандай ваколат, ҳуқуқ бўлмаган. Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаганман. Бугун энг буюк орзуим ўшалди, десам хато қилмайман. Бунинг учун Президентимизга беҳад миннатдорлик билдираман.

Холбўта Эшқувватовнинг хонадонида ҳам бугун катта байрам, хурсандчилик. Улар бу кунни 24 йил орзиқиб кутишди. Тожикистон Республикасида туғилган Холбўта Эшқувватов 1994 йил ота юртига оиласи билан қайтди.

– 2011 йилдан буён Нишон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Талимаржон шаҳар поликлиникасида шифокор-стоматолог вазифасида ишлаб келмоқдаман, – дейди Х.Эшқувватов. – Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндим. Энди тўла-тўкис Ўзбекистон фуқаролари қаторида ўзимни ҳис қилмоқдаман. Бор куч-ғайратим билан Ватанимга хизмат қиламан.

Жамила Турсунова Тожикистон Республикасининг Қўрғонтепа вилоятида туғилган. 1992 йилда ота-онаси билан Нишон туманига кўчиб келиб, шу ерда оила қурди. Айни пайтда тумандаги 10-умумтаълим мактабида ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда. Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган маросимда Жамила Турсуновага ҳам Ўзбекистон Республикасининг паспорти тантанали равишда топширилди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонига асосан Қашқадарё вилоятида бугунги кунга қадар 21 нафар фуқаролиги йўқ шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти топширилган.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 214