ЎзА Ўзбек

10.01.2019 Чоп этиш версияси

2019 йилда автоҳалокатлар камаядими?

2019 йилда автоҳалокатлар камаядими?

“БИР САВОЛГА БИР ЖАВОБ”

“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасининг аввалги меҳмони Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов “Хоразмда аҳоли электр энергияси таъминотидаги муаммолар юзасидан кўп мурожаат қилишади. Тармоқдаги узилишлар нафақат аҳоли хонадонлари, ҳатто ижтимоий объектлар, шифохона ва мактабларда ҳам кузатилмоқда. Вилоятда уч-тўрт кун, айрим ҳолларда ҳафталаб электр энергияси бўлмаслигини қандай изоҳлайсиз?”, саволига жавоб берган эди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳада мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбар ходимлари, вилоят ҳокимларининг ЎзА саволига жавоблари бериб борилади.

Лойиҳанинг бу галги меҳмони:

Азизжон Садиров,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент шаҳар ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари

– 2019 йилда Тошкент шаҳрида автоҳалокатларнинг олдини олиш бўйича қандай тизимли ишлар амалга оширилади?

– Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳрида транспорт воситалари сони тобора ортиб бормоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг бир қатор ижобий ишлари самараси натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони камаймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси тизимини такомиллаштириш, назоратнинг юқори самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлайдиган йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тартибга солиш тизимини кенгайтириш бўйича ички ишлар органлари ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби белгиланди.

– Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, йўллар сифатини ошириш, шунингдек, йўл ҳаракати барча қатнашчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида йўл ҳаракатини ташкил қилиш ва таъминлаш соҳасида халқаро, республика ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларига нисбатан талабларни аниқ белгилаш, шунингдек, улардан хавфсиз фойдаланиш учун замонавий, ҳар томонлама қулай инфратузилмани яратишга қаратилган 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси тасдиқланди. Ушбу концепция талабларидан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан йўлларни автоматик тарзда бошқариш, ҳаракат назоратини амалга ошириш самарадорлигини яхшилаш, йўллар ҳолатини жаҳон стандартларига тенглаштириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

– Пойтахтимизнинг 115 та чорраҳасида фото ва видеони қайд этиш кузатув камералари томонидан ҳайдовчиларнинг 7 турдаги қоидабузарликлари юзасидан ҳайдовчиларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

– Ҳозирда 4 та кўчма 16 та стационар тезликни ўлчаш мосламалари ўз фаолиятини бошлагандан кейин йўл-транспорт ҳодисалари кескин камайишга эришилди, бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, марказий кўчаларга “Йўл ҳаракати қоидалари“нинг 1-иловасидаги 5,15 (тўхтаб туриш жойи) йўл белгиси ва унга 7.6.1 (Транспорт воситасини тўхтаб туриш жойига қўйиш усули) қўшимча ахборот белгиси ўрнатилди, мазкур йўл белгиси таъсири остида ҳайдовчилар транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисмига кўрсатилган тартиб бўйича жойлаштириши натижасида ушбу йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти ортиб, тирбандликларнинг олди олинмоқда. Ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда, тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда атмосферага чиқарилаётган заҳарли тутун миқдорини камайтириш мақсадида, ҳозирги кунга қадар пойтахтимизнинг 34 та чорраҳасига 5.42 йўл белгиси ўрнатилди. Ушбу йўл белгиси таъсири остида транспорт воситаларининг ҳайдовчилари светофорнинг тақиқловчи чироғи ёниб турган бўлсада, барча йўл ҳаракати қатнашчиларига йўл берган ҳолда ўнгга ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Айтиш жоизки, ҳайдовчи ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмас экан, бу борадаги билимлари, тажрибаси етарли бўлмас экан, мазкур амалга оширилаётган ишлар кўзланган натижани бермайди. Шу боис, ҳайдовчиларни тайёрлаш мактабларининг моддий-техник базаси ҳамда ўқитувчиларнинг билим савиясини ошириш мақсадида барча автомактаблар фаолияти қайта ўрганиб чиқилди. Уларнинг 50 дан ортиғининг фаолияти вақтинча тўхтатилиб, тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳайдовчи номзодлардан имтиҳон олиш услублари такомиллаштирилмоқда.

* * *
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов “Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нега кам етиштирилди?”, саволига жавоб беради.

Сайтимизни кузатиб боринг!

3 954
ЎзА