ЎзА Ўзбек

16.08.2018 17:09 Чоп этиш версияси

2018 йилда 32 та мактабда 54 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш ишлари бажарилди

Данғара туманида “Азиз ва ягонамсан жонажон, Ўзбекистоним!” шиори остида Фарғона вилояти халқ таълими ходимларининг анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб улғайтириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ҳам бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Айни кунларда таълим соҳасида халқаро илғор тажрибалардан келиб чиққан ҳолда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиши, кенг жамоатчиликнинг таклифи асосида 11 йиллик умумий мажбурий таълим жорий этилди. Ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш орқали таълим сифатини ошириш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинаётир. Буни Фарғона вилоятидаги мактаблар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Вилоятда бугунги кунда 913 умумтаълим мактаби фаолият кўрсатиб, уларда ёш авлоднинг замонавий билимларни пухта ўзлаштириши учун барча шароит яратилган. 143 та таянч мактабда ҳар бир фан йўналиши бўйича илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

2018 йил Инвестиция дастури асосида 32 та умумтаълим мактабида 54 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш ишлари бажарилиб, таълим масканлари янада кўркам қиёфа касб этмоқда. 2018-2020 йилларда 86 та умумтаълим мактабида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

– Мактабларимизда фидойилик билан ишлаётган ўқитувчиларимиз жуда кўп, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Турдиматов. – Уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, тажрибаларини ўрганиш амалий самаралар бериши аниқ. Таълим сифати ва самарадорлиги бўйича ўтган ўқув йилини яхши натижалар билан якунладик. Истеъдодли ўқувчиларимиз нуфузли халқаро спорт мусобақалари, юртимизда ўтказилган фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида муваффақиятли иштирок этди. Янги ўқув йилида бу борадаги ютуқларни янада мустаҳкамлаш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олганмиз.

Анжуманда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди. Таълим жараёнига компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини жорий этиш ҳамда дарсликлардаги ўзгаришларни педагог ходимларга етказиш, педагогларни таълим беришнинг янги замонавий усуллари билан таништириш, “Халқ таълими – сифатли таълим“ шиори остида машғулотлар ташкил этиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда энди иш бошлаётган бир гуруҳ ёш ўқитувчилар тантанали қасамёд қабул қилди. Илғор халқ таълими ходимлари, шогирдлари нуфузли халқаро спорт мусобақалари, фан олимпиадалари, билимлар беллашувларининг мамлакат босқичида юқори натижаларга эришган устозларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 793