ЎзА Ўзбек

06.03.2018 22:29 Чоп этиш версияси

2018 йил Қозоғистонда "Ўзбекистон йили"

2018 йил Қозоғистонда "Ўзбекистон йили"
ИСТИҚЛОЛ ЙЎЛИНИ БИР ДАВРДА БОШЛАГАН ИККИ МАМЛАКАТ БУГУН ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИГА БИРГАЛИКДА ҚАДАМ ҚЎЙМОҚДА 

Ўзбекистон билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларация имзоланган.

Қайд этиш керак, мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашда ишбилармонларнинг қўшма тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бизнес-форумлар, B2B доирасидаги музокаралар истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан, уларнинг асосий параметрлари ва молиялаштириш манбаларини кўриб чиқишда муҳим омил бўлмоқда. 2017 йилнинг март ойида Остона шаҳрида ҳамда сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форумларда умумий қиймати 1,2 миллиард долларга тенг битимлар имзолангани бу фикрга ёрқин мисолдир.

“GM Uzbekistan” билан Қозоғистоннинг автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчи “AllurGroup” миллий компанияси ўртасида Қўстанайда “Ravon” бренди остида енгил автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилгани саноат соҳасидаги ҳамкорликнинг яна бир муваффақияти бўлди.

Ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар вилоятлар кесимидаги ташқи ҳамкорлик алоқаларининг аниқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш, таҳлил қилиш, мамлакат иқтисодиётида ҳар бир минтақанинг ўрни бўйича доимий ахборотга эга бўлиш имконини бермоқда. Бу бошқарувнинг энг халқчил ва демократик саналган "пастдан юқорига" тамойилини рўёбга чиқариш учун ҳам асос бўляпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Айни пайтда томонлар қўшма корхоналар тузиш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштирмоқда. Бу интилишлар Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган 2018 йилда катта ютуқлар келтиришига шубҳа йўқ.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
15 555