Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 12:20 Чоп этиш версияси

20 КУН. Афвдан тўғри хулоса чиқармаган Қ.С. барибир қамалди

Тошкент вилояти Қибрай тумани Нурафшон маҳалласида Жиноят ишлари бўйича Қибрай тумани судининг очиқ суд мажлиси ўтказилди. Судья Х.Холиқов раислигида бўлиб ўтган сайёр судда Қибрай туманида яшовчи фуқаро Қ.С.нинг жиноят иши кўриб чиқилди.

21 ёш. Айни ўқиб-изланадиган, ишлаб тоғни талқон қиладиган, оила қуриб бир қўрғонга бош бўладиган, ота-онаси қанотига кириб, рўзғор ташвишларини ўз бўйнига оладиган палла. Қибрайлик Қ.С. ҳам тенгдошлари қатори шу ишларни қилиши мумкин эди. Аммо у адашди, янглиш йўлдан борди.

Ёшликнинг энг гуллаган даври – 18 ёшида Қ.С. суднинг қора курсисига ўтирди. Оғир турдаги жиноят содир этгани учун 2016 йилда Жиноят ишлари бўйича Паркент тумани суди томонидан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Кечиримлилик – халқимизга хос фазилат. Ҳамма ҳам адашиши мумкин. Аммо, афвдан тўғри хулоса чиқариш лозим. Акс ҳолда, яна ўша темир панжара. Қаҳрамонимиз Қ.С. ҳам давлатимизнинг халқпарварлиги, кечиримлилигидан баҳраманд бўлиб, 2018 йил 3 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ажрими билан ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилган эди. Аммо, Қ.С. суд қарорига эътибор қилмай, 20 кунлик қисқа фурсатда эски қиёфасига қайтди. Хусусан, 23 апрель куни З.Ф. нинг уяли алоқа воситасини очиқдан-очиқ, зўравонлик йўли билан олиб қўйиб, яширинишга уринди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, жиноятчиники эса қамоқхонагача, деган гап бор халқимизда. Қ.С. нинг қисмати ҳам шундай бўлди. Суд барча оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Аваз Худойқулов, ЎзА
3 579