Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 20:01 Чоп этиш версияси

Наманганда бир йилда 100 дан ортиқ эрта никоҳнинг олди олинган

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган вилояти кенгаши бошқарувининг 2017 йил фаолияти якунлари ва 2018 йилдаги устувор вазифалари ижросига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳисобот маърузасида қайд этилишича, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ижро аппарати томонидан Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида барча ташкилий вазифалар изчил амалга оширилди.

Жумладан, 770 фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари – ёшлар масалалари ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар сайлови ўтказилди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига кўра, маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича 480 мингдан ортиқ оиланинг аҳволи ўрганилган. Бу жараёнда 6 минг оиладаги турли низолар бартараф этилиб, 2 минг 500 дан зиёд оиланинг ажралиб кетиши ҳамда 100 дан ортиқ эрта никоҳнинг олди олинган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрганларга 250 миллион сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилган. 43 фуқаролар йиғини биноси таъмирланиб, 6 таси реконструкция қилинган, 7 таси янгидан қурилган.

Содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари аҳоли орасида кенг муҳокама қилиниши ва сайёр судларда кўриб чиқилиб, жойида ижобий ҳал этилиши натижасида жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 14 фоизга камайишига эришилган.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга ҳам танқидий баҳо берилди. Жумладан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси бўйича талаб даражасида мониторинг олиб борилмаган. Бу, ўз навбатида, дастур бўйича нореал ҳисоботлар тақдим этилишига сабаб бўлган. Ижро интизоми бугунги кун талабидан ортда қолаётгани, комиссиялар фаолиятидаги сусткашлик, тарғибот тадбирларининг самараси пастлиги, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш талаб даражасида эмаслиги тизим фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу умумий жиноятчилик камайган бўлса-да, 770 маҳалланинг бор-йўғи 160 тасида жиноят содир этилмаганида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Йиғилишда ташкилий-услубий, ахборот-таҳлил ва статистикада ахборот технологияларини ривожлантириш, ёшлар, фахрийлар билан ишлашни мувофиқлаштириш, оммавий спортни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

2018 йилда дастурлар ижросини таъминлаш, ўтган йилда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси, Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси асосида белгилаб олинди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
9 614