Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 18:20 Чоп этиш версияси

2 минг 300 дан ортиқ мурожаатнинг 1 минг 596 таси тўлиқ қаноатлантирилган

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлардан аҳоли мамнун.

Хоразм вилоятида жорий йил куз-қиш даврида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий муассасаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда мавсум давомида истеъмолчиларга ичимлик суви, табиий газ, электр энергиясини узлуксиз етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлари бўйича сайёр қабуллар ўтказилиб, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг жойлардаги ижроси ўрганилди.

Вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқлари, айниқса, олис аҳоли пунктларида куз-қиш мавсумига қай даражада тайёргарлик кўрилгани, ичимлик суви, газ, электр энергияси, кўмир, озиқ-овқат захираси билан нечоғли таъминланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига шу кунга қадар ҳудуд аҳолисидан мазкур йўналишда 2 минг 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 минг 596 таси тўлиқ қаноатлантирилган.

Вилоятда табиий газдан оқилона фойдаланиш, жойларда истеъмолчилар томонидан ностандарт газ ускуналари ишлатилишининг олдини олиш ва газ босими тушиб кетиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, табиий газга уланмаган 120 мингга яқин хонадонга қиш мавсумида 17,3 минг тонна суюлтирилган газ, 145 минг газ баллони ажратилган. Суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш учун 50 дан ортиқ махсус машиналар хизмат қилмоқда.

– Маҳалламизда табиий газ тармоғи бир неча йил олдин узилган, – дейди Шовот туманидаги Махтумқули номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Боғдагул Ортиқова. – Шу пайтгача ўчоқда ўтин ёқиб, овқат пиширардик. Мана бу йилдан Президентимиз ташаббуси билан суюлтирилган газ баллонлари тарқатилмоқда. Тўлов баҳоси ҳам арзон ва қулай. Оиламиз катталиги боис иккита газ баллонига шартнома қилганман. Биринчисининг гази тугамасданоқ иккинчисини олиб келишади.

Ишчи гуруҳи томонидан кўмирга эҳтиёжманд аҳолининг таъминланганлик даражаси ўрганилганда, 10 ноябрь кунига қадар режадаги 62 минг тонна ўрнига 23,8 минг тонна етказиб берилгани аниқланди. Шунингдек, етказиб берилган муқобил ёқилғи сифатининг яхши эмаслиги кўпчилик фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлган. Ушбу камчиликлар тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганилиб, 3 кун ичида 2 минг 800 тонна кўмир етказиб берилди.

Ўрганишлар давомида аҳоли хонадонлари, ижтимоий-иқтисодий тармоқларнинг куз-қиш мавсумида электр энергияси билан узлуксиз таъминланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда 4 минг 6 трансформатор пункти мавжуд. Кейинги 7 йил давомида вилоятда 52 янги аҳоли массиви барпо этилиб, электр тармоғига уланган хонадонлар сони 58 мингга кўпайган. Уларни сифатли электр билан таъминлаш учун 238,4 километр тармоқ қуриш ва 65 трансформатор пункти ўрнатиш зарурати вужудга келган. Ушбу заруратни бартараф этиш мақсадида 3 кун давомида Янгиариқ, Қўшкўпир, Боғот, Хонқа ва Гурлан туманларида 3 янги трансформатор пункти ўрнатилди, 6 таси реконструкция қилиниб, 19 таси таъмирланди. Яна ўрнатилиши лозим бўлган трансформатор пунктларининг рўйхати, молиялаштириш манбалари ва уларнинг жадваллари ишлаб чиқилди.

– Маҳалламизда 120 хонадон бор, – дейди Гурлан туманидаги Деҳқонобод маҳалласи фаоли Қ.Хидирбоев. – Аммо, ҳудудимиздаги трансформатор пункти 60 хонадонга мўлжалланган. Ҳар йили куз-қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишлар одамларга қийинчилик туғдирарди. Бугун маҳалламизга келган ишчи гуруҳи мазкур ҳолатни ўрганиб, тегишли идораларни жалб қилди. Натижада 250 хонадонга мўлжалланган янги трансформатор ўрнатилди.

Хоразм вилоятида ҳам 2017-2018 йиллар қиш-баҳор ойлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилган. Мавсум давомида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида тайёрлов корхоналари, бозор уюшмалари, фермер хўжаликлари ва бошқа ташкилотлар томонидан 13 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот махсус омборларга жамланди. Қолган маҳсулотлар жорий йилнинг 1 декабрига қадар жадвал асосида жамғарилиши режалаштирилган. Ўрганиш давомида жойларда аҳоли эҳтиёжига қараб 28 минг қопдан ортиқ ун ва 93 тоннадан зиёд ўсимлик ёғи белгиланган нархларда аҳолига тарқатилди.

– Ҳар йили куз-қиш мавсумида истеъмол учун зарур бўлган ун, ёғ ва бошқа маҳсулотлар нархи кўтарилиб кетарди, – дейди Ҳазорасп тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи Дилором Султонова. – Мана, бу йил маҳалламизда ташкил этилган улгуржи савдо шохобчаси туфайли ун, ёғ, совун каби зарурий маҳсулотларни арзон нархда сотиб олмоқдамиз. Ҳар ҳафта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларида сотувга қўйилган маҳсулотлар бозордагига нисбатан анча арзон.

Муаммоларнинг жойида ҳал этилиши туфайли 52 тоннага яқин чиқинди махсус жойларга олиб чиқиб ташланди. Иситиш тизимида камчиликлари аниқланган 15 умумтаълим мактаби, 5 мактабгача таълим муассасаси, 12 қишлоқ врачлик пунктида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Уч кун давомида вилоятнинг чекка қишлоқларидаги 7 мингдан зиёд аҳоли патронаж тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ижтимоий ҳимоя – кўнгил малҳами. Кам таъминланган, ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 300 га яқин оилага ёрдам тариқасида чорва моллари, парранда, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника воситалари ва уй-рўзғор буюмлари тарқатилди.

– Эрим оламдан ўтгач, уч фарзандим билан қийналиб қолдим, – дейди Гурлан туманидаги Қангли маҳалласида яшовчи Муқаддас Ўрозбоева. – Албатта, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй қўлидан келганча ёрдам беради. Бугун, мана, бир гуруҳ раҳбарлар хонадонимизга келиб ҳолимдан хабар олди. Оиламга ҳомийлик қилиб, бир бош сигир беришди. Бундан айниқса, фарзандларим жуда хурсанд. Бундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимиздан миннатдормиз.

Урганч шаҳрида махсус ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда бу каби тадбирлар ҳудудлардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, хонадонлар ва корхоналарнинг қиш мавсумини муаммосиз ўтказишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
1 861






Все о погоде - Pogoda.uz