Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

27.08.2018 14:28 Чоп этиш версияси

Автокредит олиш имконияти ошди

Автокредит олиш имконияти ошди
Айни вақтда аҳолининг автокредит олиш имконияти яна ошмоқда. Хусусан, “Қишлоқ қурилиш банк” ҳам тўрт йилга олти ойлик имтиёзли давр билан ана шундай кредитлар ажратишни бошлади. Энг муҳими эса ҳужжатлар соддалаштирилган бўлиб, паспорт ва ишхонадан маошингиз ҳақида маълумотнома бўлса, бас.

Демак, ҳозирги тезкор замонда вақт ва маблағни тежаш борасида масофавий хизматлар кўламини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Шундай экан, аҳоли учун қулай бўлган бундай хизматлар банк-молия тизимида қандай йўлга қўйилган? Улардан мижозлар мамнунми?

– Ҳозирга қадар “Интернет банкинг“, “Мобиль банкинг“, “СМС банкинг“ хизматлари жорий этилган эди, – дейди Банк Ахборотлаштириш департаменти директори ўринбосари Улуғбек Исломов. – Айтиш мумкинки, улардан фойдаланувчи мижозлар сони кун сайин ортмоқда. Буни мижозлар сони ойига ўртача 30-40 фоиз ўсаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди. Сўнгги янгиликлардан бири – “Депозит банкинг” хизматидан ҳам кўплаб омонатчилар фойдаланмоқда. Ҳозирда ундан фойдаланувчилар сони олти юз нафарга яқинлашиб қолди. Бунда омонатчилар банкка келмасдан туриб ўз ҳисоб-рақамидаги маблағларни бошқариши, фоизларни ечиб олиши мумкин. 

Мутахассисларнинг айтишича, замонавий, масофавий хизмат турларидан бири, бу – “СМС-хабарнома” бўлиб, айни вақтда ундан энг кўп мижозлар – 73 минг нафардан зиёд юртдошимиз фойдаланмоқда. Юридик ташкилотлар ҳам кўпроқ “СМС банкинг”дан фойдаланиши боис уларнинг сони қарийб 7 мингга яқинлашиб қолди.

“Қишлоқ қурилиш банк”да жорий этилганига уч ой бўлган микроқарз бериш жараёнидан ҳам фойдаланаётганлар сони ортмоқда. Ўтган қисқа фурсатда уларнинг сони беш юз нафардан ошди. Бунда сиз 18 миллион сўмгача бўлган маблағни бир йилга олишингиз мумкин. Айни вақтда “Онлайн ариза” хизматини йўлга қўйишга ҳозирлик кўрилмоқда. Бунда мижоз банкка келмасдан барча турдаги хизматлардан фойдаланиши мумкин.

ЎзА