ЎзА Ўзбек

12.09.2018 10:21 Чоп этиш версияси

18 мамлакат, 120 компания, 400 миллион долларлик шартнома — Бухорога 2 кунда келган инвестиция

18 мамлакат, 120 компания, 400 миллион долларлик шартнома — Бухорога 2 кунда келган инвестиция

Бухорода 10-11 сентябрь кунлари бўлиб ўтган “Agro Business Bukhara” халқаро бизнес-форумида дунёнинг 18 мамлакатидан кўплаб йирик компания ва фирмалар раҳбарлари, маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.

2.jpg

“Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасида бизнес юритишнинг афзалликлари, шунингдек, вилоятнинг инвестиция салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган форумда Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Голландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Ҳиндистон, Эрон, Исроил, Саудия Арабистони, Германия каби мамлакатлардан ташриф буюрган 120 дан ортиқ компаниялар вакиллари жойларга чиқиб, “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудуди, мавжуд иссиқхоналар ва янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари билан танишди.

3.jpg

Бухоро вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация жорий йилнинг август ойида хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Европанинг қатор мамлакатларида бўлган ва “Бухоро-агро” ЭИЗ фаолиятига оид кўплаб тақдимотлар қилиниб, ҳамкорлик алоқалари бўйича ҳужжатлар имзоланган эди. Мазкур халқаро бизнес-форумда уларнинг вакиллари ҳам иштирок этди.

4.jpg

– Анталияда Бухоро туманида босқичма-босқич 140 гектар майдонда иссиқхона ташкил этиш учун 80 миллиондан 100 миллион АҚШ долларигача миқдорда инвестиция киритиш юзасидан меморандум имзолаган эдик, – дейди Туркиянинг “Варнет” компанияси раҳбари Иляс Хуршид. – Бугунги форумда эса келишув шартномаси тузилди.

Лойиҳа тўла амалга ошгач, 1000 киши иш билан таъминланади. Бугун компаниямизга ажратилган майдон билан танишдик. Ҳудуд биз учун қулай ерда жойлашгани маъқул бўлди. Эътиборлиси шундаки, туман раҳбарияти ҳар бири 3 гектарли иссиқхоналар барпо қилишимиз учун ер майдонларини текислаб бераётир. Ҳадемай, амалий ишларни бошлаб юборамиз. Зарур ускуналар яқин орада келтирилади.

“Бухоро-агро” ЭИЗ учун Жондор туманидаги Яккатут массивидан 100 гектар ер ажратилган. Бу ҳудуднинг имкониятларини ўрганиш мақсадида массивга йўл олган эронлик инвесторлар билан манзилга етиб келганимизда, меҳмонлар учун йўл бўйида тикланган айвонда “Ieodom” компаниясининг (АҚШ) МДҲ мамлакатлари бўйича бош директори Донг Жун Сонг туман ҳокими К.Камолов билан музокара олиб бораётган экан.

– Бизга ҳудуднинг халқаро автомобиль йўли бўйида ва темир йўл яқинида жойлашгани, иссиқхона ташкил этиш учун табиий газ ва электр энергияси таъминоти кафолатлангани, суғориш тизими созлиги, логистика маркази қурилиши кўзда тутилаётгани жуда маъқул тушди, –дейди Донг Жун Сонг. – Биз бу ердаги 30 гектар майдонда атиргул етиштириладиган иссиқхона қуриш ниятидамиз. Атиргуллар хорижга экспорт қилинади. Компаниямиз раҳбарияти лойиҳамни қўллаб- қувватлагач, шартнома тузиш учун яна келаман.

– Инвестор учун муҳими ишонч, – дейди Эрон Ислом Республикасининг “Дельта” гуруҳи вакили Саид Жавод Карбосий. – Инвесторларга бериладиган имтиёзлар, яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик.

Бу, албатта, ишимиз муваффақиятига ишонч уйғотади. Бу ерга шунчаки, танишув учун келганимиз йўқ. Бухоро вилоятига, Жондор туманига ҳамкорлик учун қайтишни режалаштирамиз.

Албатта, халқаро бизнес-форумга ташриф буюрган сармоядорларнинг аксарияти “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудига кирган туманларда замонавий конструкциялар қўлланилган, таннархи арзон маҳсулотлар етиштириладиган иссиқхоналар, улар ёнида қуриладиган қайта ишлаш цехлари ва логистика марказларини ўз ичига олган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокара ва мулоқотлар олиб борди. Шу билан бирга, инвесторлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига оид истиқболли лойиҳаларга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Масалан, Туркиянинг “Аtаyurт investment business development finance and construction” масъулияти чекланган жамияти раиси Мехмет Асим Атайнинг таклифи Пешку тумани ҳокимлигида қўллаб-қувватланди.

– Пешку туманида МDF эшиклари учун қўлланиладиган тахта, шунингдек, ДВП ва ДСП ишлаб чиқарадиган завод қурмоқчимиз, – дейди хорижий корхона раҳбари. – Бунинг учун ёғочбоп дарахт талаб қилинмайди. Биз қамишни қайта ишлаймиз. Бу хомашё эса Пешкунинг чўл ҳудудида етарли экан. Ундан тайёрланадиган қурилиш материали нисбатан арзон. Ушбу лойиҳа юзасидан келишув битимини имзолаш ниятидамиз.

5.jpg

Форум дастури доирасида сармоядорлар туман ва шаҳарларда билдирилган инвестицион таклифлар ва йирик корхона ҳамда ташкилотлар томонидан таклиф этилаётган бўш иншоотлар, уларга тегишли лойиҳалар билан ўша жойнинг ўзида танишди.

Форум муваффақиятли якунланди. Унда икки кун давомида қарийб 400 миллион, жумладан, “Бухоро-агро” ЭИЗ лойиҳаларига тегишли 220 миллион АҚШ доллари миқдоридаги шартномалар имзоланди.

Э.Ёдгоров, Т.Истатов (сурат), ЎзА
5 829