Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 15:17 Чоп этиш версияси

135 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди

Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари билан ҳамкорликда ҳар ҳафта чоршанба куни маҳаллалар, корхона-ташкилотлар ва таълим муассасаларида ёнғин профилактикаси тадбирлари ўтказилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қиш мавсуми бошланиши билан ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар сони кескин ошади. Бу жойларда профилактик тадбирларга янада жиддий эътибор қаратишни талаб этади.

Ширин шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, турли ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги бўйича уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда. Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар иштирокида имкон қадар жойида бартараф этиш чоралари кўрилаётир.

– Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ва «Сирдарё иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамияти ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари билан ҳамкорликда 6 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4 минг 600 дан зиёд хонадон, шаҳардаги 178 корхона, ташкилот, муассаса ва тадбиркорлик субъектларининг ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳолати ўрганилиб, 16 мингдан зиёд аҳоли билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, – дейди Ширин шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, подполковник Р.Эргашев. – Эътиборсизлик оқибатида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 259 нафар масъул шахсга нисбатан 8 миллион 252 минг сўмликдан ортиқ жарима чораси қўлланилди. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида юқори ташкилотларга 54 ахборотнома, туман мутасаддиларига 135 ёзма тақдимнома киритилди.

Ёнғин профилактикаси тадбирлари давомида 514 хонадонда камчиликлар аниқланиб, уларнинг 263 таси жойида бартараф этилди. Ҳал қилиниши вақт талаб этадиган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 135 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 1 мингдан зиёд носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 704






Все о погоде - Pogoda.uz