ЎзА Ўзбек

01.09.2018 10:53 Чоп этиш версияси

12 эҳтиёжманд оила байрамни янги уйларда нишонлади

12 эҳтиёжманд оила байрамни янги уйларда нишонлади
Сирдарё туманидаги Адолат маҳалласида 12 ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, эҳтиёжман ва ёлғиз оналар мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамини янги уйда қарши олди. 

“Сайхун муҳандислик” ҳамда “Зукко Ҳамкор Ишонч” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари томонидан қисқа фурсат давомида ушбу 2 та 2 қаватли уй янгидан барпо этилди. Бу уйларни қуришда вилоятда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилди. 

– Ушбу уйлар ҳар бирининг лойиҳа қиймати 933 миллион сўмдан бўлиб, жами 12 оилага мўлжалланган, – дейди туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Худойберди Нажмуллаев. – Хонадонларнинг ҳар бири энг замонавий иситиш тизими, табиий газ, электр, ичимлик суви ва бошқа барча зарур коммуникация хизмати кўрсатиш тармоқларига уланган.

– Бугун менинг оилам учун қўшалоқ байрам, – дейди иккинчи гуруҳ ногирони, ёлғиз она Венера Ананина. – Жонажон Ўзбекистонимизнинг 27 йиллик байрамига қўшиб уй тўйи ҳам қиляпмиз. Ҳар жойда, ҳеч қандай қулайликлари бўлмаган квартираларда ижарага яшаб юрардим. Ниҳоят энди ўз уйим бор. Бу 2 хонали уйда яратилган шароитларни тасаввур ҳам қилолмаганман. Ховос темир йўл бекатида касаначи сифатида рўйхатга олиндим. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясининг буюртмаларини тикяпман. Моддий томондан ҳам кам-кўстимиз йўқ.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 048