Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 17:07 Чоп этиш версияси

1 февралдан нотариал ҳаракатлар учун тўланадиган давлат божини электрон тарзда ундириш тизими жорий қилинди

1 февралдан нотариал ҳаракатлар учун тўланадиган давлат божини электрон тарзда ундириш тизими жорий қилинди
Cўнгги пайтларда нотариуслар томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати аҳолини қониқтирмаётганлиги юзасидан кўплаб эътирозлар бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳам нотариусларнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб, соҳа вакиллари жиддий танқид қилинди.

Шу билан бирга, нотариал идоралар ходимлари томонидан фуқаролардан белгиланганидан ортиқча пул маблағлари талаб қилинаётганлиги ҳақида Президентнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мазкур ҳолатлар соҳани янада такомиллаштириш, тизимли камчиликларни бартараф этиш ва кечиктириб бўлмас чоралар кўриш лозимлигини тақозо этади.

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1 февралидан Адлия вазирлиги томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш механизми жорий этилди.

Эндиликда фуқаролар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида нотариал идораларга мурожаат этганда, давлат божи ва бошқа тўловларни мобиль телефонлар имкониятидан фойдаланган ҳолда тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин бўлади ва бунда албатта инсон омили чекланади. Бу жараёнда QR кодлардан фойдаланиш имконияти ҳам яратилди.

Нотариал ҳаракатлар учун қанча бож тўланиши компьютер томонидан автоматик равишда шакллантирилади, тўлов квитанциялари алоҳида ёзилмайди. Шу билан бирга, фуқароларга қулай ва тушунарли бўлиши учун ягона андозада тўлов квитанцияси жорий қилинди.

Тўловлар банк кассалари ёки мобиль телефонлар орқали амалга оширилишидан қатъий назар, бу ҳақдаги маълумот “Нотариус” ахборот тизимида онлайн тарзда акс эттирилади.

27540217_1646132992132672_7834019602570371774_n.png

Эндиликда фуқаролар давлат божи ва бошқа тўловларни амалга ошириш учун кассаларда навбат кутиб туриши кескин камаяди, фуқаролардан белгиланганидан ортиқча пул маблағлари талаб этилиши ҳолатларига барҳам берилади.

Жорий этилган янгилик аҳолига қулайлик яратиши билан бирга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш жараёнида сифат ва тезкорликни таъминлайди ҳамда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Адлия вазирлиги Ахборот хизмати

ЎзА
20 029