Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 14:27 Чоп этиш версияси

...Жавонга Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар» китобини қўйдим

Йўлда кетаётиб, тўсатдан «Эгасиз кутубхона» қаршисидан чиқиб қолдим. Чамаси уч юзга яқин китоб орасидан кўпдан бери қидириб юрганим – Эркин Аъзамнинг «Шовқин» асарини олдим...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ташкил қилинган мазкур лойиҳа Ёшлар иттифоқи томонидан амалга оширилмоқда.

«Китоб 24» лойиҳаси мамлакатимизда илк бор аҳоли учун бепул китоб алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ташкил қилинган акция ҳисобланади. Унда ўқувчилар ўқиб бўлган китобини махсус жавонга қўйиб, ўрнига ўзлари ёқтирган, керакли китобни олишлари, мутолаа қилган асарларини тенгдошларига ҳам улашишлари мумкин.

– Ушбу акция жаҳон тажрибасида «Book exchange» (китоб алмашинуви) номи билан юритилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилнозахон Каттахонова. – Президентимизнинг шу йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ушбу лойиҳани илк бор тажриба тариқасида "Ҳунарманд" уюшмаси кўмагида амалга оширдик. Ёшлар иттифоқи аъзолари олиб келган китобларни мана шу жавонга қўйиш орқали ушбу акцияга старт берилди.

Жавон ёнига ўрнатилган махсус қутича китобхонларнинг мазкур янгиликка муносабатини ўрганиш ҳамда лойиҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, у ерга ўрнатилган махсус камера ўқувчиларга бошқаларга ўзларига керакли китобни сўраб мурожаат қилиш ҳамда китоб қолдирган инсонга миннатдорлик билдириш имконини беради. Фикрлар ёзиб олинган лента «Менинг юртим 5» телеканали орқали доимий равишда эфирга узатиб борилади. Ижтимоий тармоқларда акцияга энг мақбул номни танлаш учун танлов эълон қилинган бўлиб, фаол иштирокчига китоблар тақдим қилинади.

...Жавонга эса Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар» китобини қўйдим.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
5 359






Все о погоде - Pogoda.uz