Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 16:58 Чоп этиш версияси

«Ўзбекистон» телерадиоканалининг аудиокитоблари тақдимоти ўтказилди

Пойтахтимизда "Ўзбекистон" телерадиоканали" давлат унитар корхонаси томонидан жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари асосида тайёрланган аудиокитоблар тақдимоти ўтказилди. Унда таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар, журналистлар, китобхонлар иштирок этди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Хўжаев, Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ёшларнинг китоб ўқишга бўлган эътиборини кучайтириш, мутолаа маданиятини юксалтириш янги босқичда давом эттирилаётганини, китоб чоп этиш кўлами ва сифати ошиб, амалиётда халқаро ноширлик тажрибаларидан унумли фойдаланилаётганини таъкидлади.

"Ўзбекистон" телерадиоканалининг кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган аудиокитоблари ҳам ана шу изчил жараён маҳсулидир.

Аудиокитоб замонавий медиатехнологияларнинг амалиётга изчил татбиқ этиш ҳосиласи бўлиб, одатий матбаа маҳсулотларидан фарқ қилади: у тингланади, демак кўз ортиқча зўриқишдан халос бўлади. Вақтни тежайди, яъни асар мазмуни билан таниша туриб, бошқа юмушлар билан шуғулланиш ҳам мумкин. Ҳарф танимаган кичик ёшдаги болаларга эртак, ҳикоя сўзловчи дўст, кўриш имконияти чекланганлар учун эса яна бир имкониятдир.

Жами 230 соатдан иборат бу аудиокитоблар ичида «Алпомиш», «Хамса», «Қобуснома», «Гулистон», «Темур тузуклари», «Бобурнома», Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», Ойбекнинг «Навоий», Мирзакалон Исмоилийнинг «Одам бўлиш қийин», Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар», Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», Шукур Холмирзаевнинг «Ўн саккизга кирмаган ким бор» ва яна ўнлаб асарлар, жаҳон классик адабиёти намуналари жой олган. Бу асарларни Т.Юнусов, Э.Ёрбеков, М.Абдуқундузов, Б.Холмирзаев каби таниқли актёр ва сўз усталари ўқиган.

Тадбирда аудиокитоблардан парчалар эшиттирилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 006






Все о погоде - Pogoda.uz