Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.12.2017 20:00 Чоп этиш версияси

"Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишонлари топширилди

"Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишонлари топширилди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 ноябрдаги фармойишига биноан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда жонбозлик кўрсатиб келаётган, Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш ишига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бир гуруҳ сенаторлар, Сенат девони ходимлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Конституциявий суд, Олий суд, Марказий сайлов комиссияси ва Судьялар олий кенгаши раҳбарларига мазкур эсдалик нишонлари тантанали топширилди.

– Халқимизга хос адолат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик тамойиллари Конституциямизда ўз ифодасини топиб, ҳаётимизнинг бош мезонига айланди, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев. – Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган жамиятда адолатни тўкис қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари рўёбини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳам Бош қомусимиз моҳиятига ҳамоҳангдир. Шунингдек, бугунги ўзгаришлар Конституциямиз қоидалари фақат сўзда эмас, амалда рўёбга чиқаётганининг ёрқин намойишидир.

Энг асосийси, бу жараённи одамлар ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда. Эътироф этиш жоизки, Президентимиз олиб бораётган сиёсат халқимиз орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон жаҳон миқёсидаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган, эзгу мақсадлар йўлида халқаро ҳамжамиятнинг бошини қовуштиришга қодир маконга айланиб бормоқда. Хорижий давлатлар, хусусан, қўшни мамлакатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг нуфузи юксалиб, халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кенг кўламда жадаллик билан давом этмоқда. Бу жараёнда Конституциямиз тамойиллари бош омилдир.

Тантанали тадбирда "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев, Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов, сенаторлар С.Ортиқова, Қ.Санақулов, М.Варисова ва И.Мирзаалиев сўзга чиқиб, эътибор ва юксак ишонч учун миннатдорлик билдирди.

Улуғбек Асроров, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
2 635






Все о погоде - Pogoda.uz