ЎзА Ўзбек

04.03.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонликлар нима учун қўшни давлат аэропортларидан парвоз қилишни афзал кўрмоқда?

Ўзбекистонликлар нима учун қўшни давлат аэропортларидан парвоз қилишни афзал кўрмоқда?

Туроператорлардан бирида ишлайдиган танишим менга “Саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, арзон “турпакет” келди, Туркияга бориб, етти кун дам олиб қайтиш бор-йўғи 500 АҚШ доллари, фақат Чимкентдан кетасиз”, деб қолди. Бунинг сабабини сўраганимда, у Қозоғистонда авиачипталар Ўзбекистонга нисбатан анча арзон эканини айтди.

Ҳайрон бўлганимни кўриб, доим хорижга тижорат учун қатнайдиган дўстига қўнғироқ қилди. Уларнинг ўзаро суҳбатига қулоқ тутиб турарканман, тижоратчи йигит Ҳиндистонга Чимкент орқали учаётганини тасдиқлади. Деҳлига 2,5 миллион сўмга бориб-қайтаётганини маълум қилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” орқали эса тиббиёт мақсадида мажбур бўлиб бораётган эҳтиёжманд одам энг арзон самолётнинг энг арзон жойини танласа ҳам камида 3,5 миллион сўмга бориб келар экан. 

Шу кунларда юртдошларимиз муборак Макка ва Мадина шаҳарларига Умра амалларини бажариш учун йўл олмоқда. Тошкент халқаро аэропортида наманганлик Маъсуда Исмоилова билан суҳбатлашдик. Бу аёл Умра амалларини бажариб қайтиш учун авиачипта ва бошқа хизматлар учун 1 минг 400 АҚШ доллари харажат қилганини айтди. Туроператорларнинг бизга маълум қилишича, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бундай зиёрат туризми учун 830 АҚШ доллари сарфлаш, кифоя. 

Яна орада анча фарқни кўриш мумкин. Беихтиёр ўйлаб қолади киши, ўзбекистонликлар шунчалик бойиб кетдими? Нега бўлмаса, миллионлаб юртдошларимиз ўзга юртларда мардикор бўлиб сарсон юрибди?! 

Авиачипта ва бошқа хизматлар ўртасидаги тафовутни билган одамлар албатта, қўшни давлатлар орқали парвоз қилишни афзал билмоқда. Тахминларга қараганда, кунига 2 мингга яқин ўзбекистонлик Қозоғистон самолётлари орқали парвоз қилмоқда. Бу қанчадан-қанча валюта четга чиқиб кетаётганини англатади ёки бизга валюта керак эмасми? 

Нега? Нима учун? Аслида авиабилетлар нархи қанчадан? Нима учун кўпчилик одамларимиз ўзининг бетакрор аэропортлари бўла туриб, қўшни давлат орқали парвоз қилмоқда? Миллий авиакомпаниямиз халқимизга бошқа компанияларга нисбатан энг қулай хизматларни тақдим этиши керак эмасми? 

Саволларимизга жавоб топишга уриниб кўрамиз. Авиачипталар бўйича халқаро сайт ҳисобланган “Anywayanyday”га кирамиз. 

Тошкентдан Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориш учун 2019 йил 15 март санасига чипта қидирамиз. Ушбу санада “Uzbekistan airways” Истанбулга тўғридан-тўғри парвоз қилиш учун 21 минг 902 рублга (сайтда нархлар Россия рублида кўрсатилган) билет тақдим этаётган бўлса, “Turkish airlines” компанияси 20 минг 875 рублга чипта тақдим этган. (2019 йил 4 март куни). Шу ерда 1 минг 27 рубль фарқни кўриш мумкин. Яъни валюталар курси бўйича ҳисоблаганда, “Turkish airlines”да чипта бизникига нисбатан 132 минг 483 сўм арзон. 

“Шимкент – Истанбул” йўналиши бўйича шу санага билет қидириб кўрганимизда, шу куни бу шаҳардан “APG airlines” компанияси 13 минг 64 сўмга, “Scat airlines” компанияси эса 13 минг 203 рублга чипта тақдим этган. 

Орадаги фарқ ўртача 8 минг 700 рубль. Миллий валютада ҳисоб-китоб қилсак, бу 1 миллион 122 минг 300 сўмни ташкил этмоқда. 

Кўриб турганингиздек, чипталар нархида жуда катта фарқ бор. Бундай фарқли нархлар “Тошкент – Деҳли” ва “Шимкет – Деҳли”, “Тошкент – Пекин” ва “Шимкент – Пекин” каби йўналишларда ҳам мавжуд. 

Демак, одамлар бекорга гапирмаяпти. Ахир шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. 

Ушбу мавзуга қўл уриш баробарида интернетдаги “Fасеbook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот” гуруҳида авиачипталар нархи билан боғлиқ қисқача мулоҳаза билан бирга фойдаланувчилардан мавзу бўйича фикрларини ёзиб қолдиришларини сўраб пост қўйдик. 

Бир сутка ичида кўтарилган масалани маъқуллаб 70 га яқин одам лайк қўйган бўлса, 40 нафарга яқин шахс ўз шахсий фикрларини билдирди. Қуйида уларнинг айримлари билан таништирамиз: 

Баҳодир Макс: “Бу муаммо бор, Шимкент оркали учиш анча арзонга тушади. Лекин “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг сифати баланд. 2018 йил ёз ойларида Истанбулга билет нархи фарқи икки баравар бўлди. Тошкентдан учиш 700 доллар атрофида, Шимкентдан пересадка орқали 275 доллар эди. Ҳайрон бўлганим, 2019 йил февраль ойида “Тошкент – Истанбул – Тошкент” йўналишида чипта нархи 430 доллар атрофида бўлган бўлса, худди шу рейсга Истанбулдан 290 АҚШ доллар бўлди. Ажабланарлиси, чипта бир вақтда сотилган. Ҳақиқатан бизда нарх жуда баланд. Бу монополия туфайли, албатта. Рақобат бўлса, ривожланамиз ва нархлар тушади. Бизда нарх-наво баландлиги ҳамма соҳада учрайди”. 

Александр Адашев: “Бизда Президентимиздан бошқаси халқни ўйламайди, кўпроқ фойда олсам, дейди. Қозоғистонда ва Қирғизистонда нимага арзону, нимага бизда қиммат? Президент Администрациясида, Вазирлар Маҳкамасида ва вазирликдаги темир йўл ва аэропорт соҳасини бошқарадиган бошлиқлар нимага ўйлаб кўришмайди? Ҳеч бўлмаса, Қирғизистондан ўрганишса бўлмайдими? Қачонгача Қозоғистон ва Қирғизистон бюджетини бизнинг халқимиз тўлдиради? Поездларимизнинг ярми бўш кетарди, энди самолётларимиз. Ўйлаб кўринглар, катталар!” 

Гулноза Қаюмова: “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ёнилғиси қимматбаҳомикан-а? Қўшни давлатлар самолётлари керосин ёки солярка билан учаётганмикан-а? Чиндан ҳам бизнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг нархлари нисбатан қиммат, бу факт. Назорат йўқ. Сифати баланд, деган фикрга қўшилмайман”. 

Пўлат Дадажонов: “Йўли бор экан-ку чет элга арзон самолёт чиптаси олишнинг. Чимкент орқали училаверилса, охири Ўзбекистонда нархлар тушиб қолар?” 

Муҳиддин Аҳмаджонов: “Қирғизу қозокдан учиш яхши, лекин Ватанга киришда чегара расво. Соатлаб туриш-у оддий савол-жавоб қилиш ўта мушкул. Алам қиладиган жойи шу!” 

Рустамбек Бадалов: “Нима ҳам дердик, бизни эшитадиган одам борми ўзи? Шу йил 28 февраль куни мен ҳам “Наманган – Новосибирск” йўналишидаги рейсга 1 миллион 715 минг сўмга чипта олдим. Қирғизистондан айнан шу йўналишга атиги 800 минг сўм экан. Орадан фарқ икки баробар!” 

Ўткир Эшмуродов: “Ўзбекистон Қозоғистонга нисбатан Ҳиндистонга яқинроқ бўлишига қарамасдан чипталар анча қиммат. Бу фақат очкўзлик, холос! Авиачипта нархидан бошқа соҳаларда ҳам худди шу аҳвол. Масалан, кўп қаватли уйлар қуриляпти. Ўша уйларнинг аниқ нархи йўқ. Уйнинг асл нархи таклиф қилинаётган нархдан 3-4 баравар арзон туради. Масалан, бир кв.метри 5 миллион сўм, деб нархланаётган уйнинг асл нархи 1-1.5 миллион сўм. Ўша ортиқча қўйилаётган нархлар банк орқали ўтиб халқ эҳтиёжига сарфланади, деб ўйласангиз, хато қиласиз”. 

Бахтиёр Раҳмонов: “Бу мавзуда кўп гапириляпти, энг оғриқли мавзу. Лекин тегишли одамларга чивин чаққанчалик таъсир қилмаяпти”. 

Мирзоҳид Каримов: “Ҳеч ким эшитмайди бу постни. Бечора одамлар комент ёзиб қолаверади” ва ҳ.к. 

Булар оддий сўзлар эмас, балки одамларнинг дарду ташвиши. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”. 

Бу сўзлар замирида барча идора ва ташкилотлар, айниқса, уларнинг раҳбарлари халқ дардига қулоқ тутиш, унга дармон бўлиши шартлигига оид қатъий талаб бор. 

Бу гаплар мамлакатимизда авиапарвозларни амалга ошириш бўйича ягона хизмат кўрсатувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига ҳам тегишли, албатта. 

12 057
Норгул Абдураимова, ЎзА