Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2018 14:01 Чоп этиш версияси

Ғўзани тунда суғоришнинг афзаллиги нимада?

Ғўзани тунда суғоришнинг афзаллиги нимада? Сув тақчиллиги сезилаётган жорий йилда Сурхондарё вилояти фермерлари оби-ҳаётдан оқилона фойдаланиб, 78 минг 528 гектар майдонда парваришланаётган ғўзадан мўл ҳосил олишни мўлжалламоқда.

“Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” доирасида белгилаб олинган чора-тадбирлар ёзги суғориш мавсумида сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлаётир. Қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш борасида қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вилоят штаби ташкил этилган. Сувдан тежаб, оқилона фойдаланиш ва сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш ҳамда ғўзада кафолатли ҳосил яратиш бўйича халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, мутахассислар, тажрибали деҳқонлардан иборат жамоатчилик назорати гуруҳи фаолият юритмоқда.

2 (2).jpg

– Ёз чилласида ҳам экин майдонларини оби-тобида суғориш учун етарли миқдорда сув мавжуд, – дейди ҳудудларда сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил яратиш борасида қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи вилоят жамоатчилик назорати гуруҳи раҳбари А.Ортиқов. – Жойларда навбатлаб суғоришнинг аниқ жадвали асосида иш юритилаётгани, шарбат усулида тунги суғоришнинг йўлга қўйилгани оби-ҳаёт исрофгарчилигининг олдини олиш ва экиннинг бир текис ривожланишига хизмат қилаётир. Гуруҳ аъзолари ҳудудларда жамоатчилик назоратини ўрнатиб, фермерлар ва томорқа ер эгаларига сув ресурсларидан тежаб фойдаланиш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш юзасидан самарали тарғибот ишлари олиб бормоқда.

7 (1).jpg

Вилоятда 13 мингдан ортиқ тажрибали сувчининг ҳар бирига 5 гектардан ер майдони тақсимлаб берилган. Тунда экин майдонларининг кўллаб кетмаслиги учун сувчилардан тунги навбатчилик ташкил этилган.

Термиз тумани фермерлари 2 минг 441 гектар майдонда ғўза парваришламоқда. Ниҳолларни озиқлантириб, чуқур юмшатиш, культивация, суспензия қилиш, шарбат усулида суғориш каби муҳим агротехник тадбирлар сифатли ташкил этилиб, сувдан тежаб фойдаланилмоқда.

Тумандаги “Сурхон Халқобод сардори” фермер хўжалигининг 56 гектар ери мавжуд. Унинг 17 гектарида “Термиз-17” навли ғўза парваришланмоқда. Ғалладан бўшаган 10 гектар майдонга экилган кўкат ва мош бир текис ундириб олинди. Ҳозиргача ғўза ниҳоллари икки марта озиқлантирилиб, уч марта культивация қилинди. Бир марта чуқур юмшатилди. Уч марта шарбат усулида суғорилди.

– Ғўза нозик, парваришталаб ўсимлик, – дейди “Сурхон Халқобод сардори” фермер хўжалиги сувчиси А.Аллақулов. – Айниқса, ёз чилласида янада кўп парвариш талаб этади. Бу пайтда кўллатиб суғорилса ҳам, вақтида сув берилмаса ҳам ҳосил чўғи пасайиб кетади. 11 йилдан буён ғўза ниҳолларига сув тарайман. Тунги салқинда суғориш ҳосилни сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун хўжалигимизда 5 нафар сувчи ғўзани навбат билан тунда суғормоқдамиз. Сув тақчиллиги сезилган бу йилги шароитда гектарига бир тоннадан маҳаллий ўғит ҳам берилмоқда. Бу экин майдонида намгарчиликни узоқ муддат сақлаб, оби-ҳаётни тежашга кўмаклашаётир. Айни пайтда бир туп ниҳолда ўртача 17 тадан кўсак, 24 тадан шона бор. Гектаридан 48 центнердан сифатли ҳосил йиғиб олмоқчимиз.

Сариосиё, Денов, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Ангор каби туманларда ҳам “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” доирасида белгилаб олинган вазифалар уюшқоқлик билан амалга оширилиб, сув ресурсларидан тежаб, оқилона фойдаланишга эътибор кучайтирилмоқда. 

8 (1).jpg        
Жонибек Қўзимуродов олган суратлар

Холмўмин Маматрайимов,ЎзА
6 097