Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2017 13:16 Чоп этиш версияси

"Ўзагросервис": хизматлар тури кенгаймоқда

Мамлакатимизда кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мавсумга қарийб олти мингта ҳайдов трактори жалб этилган. 2018 йил баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техника воситалари ва ғалла ўриш комбайнлари мулкчилик шаклидан қатъи назар, марказлашган ҳолда таъмирлаш масканларига йиғилиб, хатловдан ўтказилди. Уларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Баҳорги дала ишларига жалб этиладиган техника воситалари ва ғалла ўриш комбайнларини мавсумий юмушларга тайёрлаш учун 140 миллиард сўмлик эҳтиёт қисм, шина ва бошқа турдаги моддий-техник ресурслар жойларга етказилди. Тизимдаги "ЎзКейссервис" қўшма корхонаси ва "ЎзКлассервис" масъулияти чекланган жамиятининг вилоятларда жойлашган бўлимлари хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажармоқда.

"Ўзагросервис" акциядорлик жамияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига хизмат турларини кўпайтириш, нархларни арзонлаштириш мақсадида «Ҳудудий Агросервис МТП" қувватларидан янада самарали фойдаланиш чораларини кўрмоқда. Шу мақсадда хизмат кўрсатиш радиуси ўртача 50 километр бўлган интеграллашган сервис марказлари ташкил этилмоқда.

Бу ва бошқа қатор янгиликлар ҳақида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзагросервис" акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар билан узлуксиз таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатишда эришилаётган натижаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритилди.

"Ўзагросервис" акциядорлик жамияти тизимида 13 ҳудудий "Агросервис МТП" ва уларнинг 174 туман филиали, ўндан зиёд таъминот корхонаси, иккита қўшма корхона фаолият юритмоқда. 2017-2021 йилларда қарийб 19 мингта техника ва машиналар харид қилиш мўлжалланмоқда.

– Янги харид қилинадиган техникалар ҳисобидан 23 турдаги механизация хизмати кўрсатиш имконига эга бўламиз, – дейди "Ўзагросервис" акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Аброр Мирзаев. – Ҳозир пахта ва ғалла йўналишида хизмат кўрсатаётган бўлсак, кейинчалик боғдорчилик, узумчилик, полизчилик, сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида ҳам мулк эгалари билан ҳамкорликни режалаштирмоқдамиз.

Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 418






Все о погоде - Pogoda.uz