ЎзА Ўзбек

01.08.2018 10:10 Чоп этиш версияси

Қўй гўштининг нархларида қизиқ ҳолат – энг қиммат нархлар Сурхондарёда!

Қўй гўштининг нархларида қизиқ ҳолат – энг қиммат нархлар Сурхондарёда!
Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат статистика қўмитаси республика бўйича уюшган савдо мажмуалари ҳамда деҳқон бозорларидаги айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархлари тўғрисидаги маълумотни эълон қилди.

Унга кўра, бозорларда 1 кг. мол гўштининг ўртача нархи 36 533 сўм. Энг арзон нархлардаги мол гўшти Қорақалпоғистон Республикаси бозорларида 33 минг сўм, Сурхондарё, Наманган, Бухоро, Навоий вилоятлари бозорларида эса ўртача 34 минг сўмдан сотилмоқда. Энг қиммат нархлар эса Тошкент шаҳар бозорларида кузатилди – 40 минг сўм атрофида. 

Қўй гўштининг нархларида эса қизиқ ҳолат – энг қиммат нархлар Сурхондарёда! 1 кг. қўй гўшти 39 минг сўмдан юқори. Энг арзон нархлар Қорақалпоғистон Республикаси (29 минг), Навоий, Бухоро вилоятлари бозорларида (32 минг сўм) сотилмоқда. Пойтахтда 1 кг. қўй гўшти 38 минг сўм атрофида сотиляпти.

Гуручни ҳам республика бозорларида турли нархларда учратиш мумкин. Масалан, ўртача нарх 7523 сўм бўлса, энг қиммат нарх 8 минг сўмдан юқори (Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган, Бухоро, Навоий, Фарғона вилоятлари) нархларда. Энг арзон нархни эса Қорақалпоғистон Республикаси бозорларида (5 минг сўм) учратиш мумкин. 

Ўсимлик мойи нархларида унча катта бўлмаган тафовут кузатилса-да, бироқ Сурхондарё вилоятида 11 минг сўмдан юқори нархларда сотилмоқда. Ваҳоланки, республика бўйича унинг ўртача нархи 10154 сўм. Бошқа ҳудудларда 9 – 10 минг сўм атрофида сотилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бўйича уюшган савдо мажмуалари 
ҳамда деҳқон бозорларидаги айрим турдаги озиқ-овқат 
маҳсулотларининг ўртача нархлари тўғрисида маълумот

(2018 йил 27 июль ҳолатига) 
(1 кг, сўмда)

01.JPG
02.JPG

ЎзА
11 542