Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 11:45 Чоп этиш версияси

Ўқувчилар эътиборидаги журнал

"Жаҳон адабиёти" журнали адабиёт ихлосмандларини ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари билан таништириш, асарларни илмий ўрганиш ва муқояса қилишда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Таҳририят ўтган йиллар мобайнида жаҳон адабиётининг юзлаб намуналарини ўзбек тилида эълон қилди. 2016 йилда Нобель мукофоти лауреатлари Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёллар иши эмас” ҳужжатли қиссаси, Патрик Модианонинг “Тўй саёҳати”, Иво Андричнинг “Ойимтилла”, Тони Моррисоннинг “Ўз уйим” романлари чоп этилди. Журналхонлар ҳинд адиби Премчанднинг “Нирмала” романи, Лев Толстойнинг “Иван Ильичнинг ўлими”, Жанубий кореялик адиб Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш”, тожик адиби Абдуғаффор Абдужабборовнинг “Сўнгги қор” қиссалари, Уильям Фолкнер, Томас Манн, Габриэль Гарсиа Маркес, Ҳерманн Ҳессе, Жан-Мари Леклезио ва бошқа адибларнинг ҳикояларини журнал саҳифаларида мутолаа қилди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида «Жаҳон адабиёти» журнали ижодий жамоаси ва муаллифлари билан бўлиб ўтган учрашувда бу алоҳида қайд этилди.

"Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Ш.Ризаев, адабиётшунос ва таржимон И.Ғафуров ва бошқалар Биринчи Президентимиз ташаббуси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 27 февралдаги “Жаҳон адабиёти” журналини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган журнал халқимиз, хусусан, ёшларни жаҳон адибларининг энг сара асарлари билан таништириш ва уларнинг тафаккур оламини кенгайтиришда маънавий-маърифий манба бўлаётганини таъкидлади.

– Кейинги беш йилда журнал дизайни, рукнлари ва бўлимларида ўзгаришларни кузатиш мумкин, – дейди журнал таҳририяти бўлим бошлиғи А.Тожиев. – Хусусан, ҳар бир сон бирор мамлакатнинг адабиёти, ижодкорлари ва адабий жараёнига бағишланиб, бунда ўша юрт маданияти ҳамда санъати ҳақида ҳам материаллар бериб борилмоқда. "Ҳикоя ичида ҳикоя", "Сарҳадлар", "Қиёс ва талқин", "Глобус" каби рукнларда ўқувчилар дунё адабиётидаги ўзгариш ва янгиликлар билан танишади. Мақсадимиз журнални мазмунли асарлар билан бойитиш ва журналхонлар эътиборини қозонишдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 657






Все о погоде - Pogoda.uz