Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 11:25 Чоп этиш версияси

Ўқувчи ўқишга нега келмайди? Давоматни яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Касб-ҳунар коллежининг ўқувчиси дарс машғулотларига сабабсиз келмаяпти ёки мунтазам қатнашмаяпти. Хўш, ўқувчи нима учун дарсга келмади? Таълим масканида давоматни яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Фарғона вилоятидаги Олтиариқ педагогика коллежида бўлиб ўтган “Энг намунали таълим муассасаси” мавзусидаги семинарда ана шу саволларга жавоб изланди. Унда вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари директорлари, ички ишлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, Ёшлар иттифоқи ва бошқа масъул идоралар вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ҳар ҳафта пайшанба кунлари ўтказилаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Буни ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг сезиларли даражада камаяётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоят маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан ўқишга келмаётган ўқувчилар назоратини олиб бориш ва уларни ўқишга қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарс машғулотларига қатнашиши ва ўзлаштириши мониторинги йўлга қўйилган.

– Коллежимизда 497 нафар ўқувчи тўрт йўналиш бўйича таҳсил олмоқда, – дейди Олтиариқ педагогика коллежи директори Шоҳиста Салимова. – Тўғриси, бугун баъзи коллежларимизда давомат масаласи яхши эмас. Шунинг учун ҳам бунга биз алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ички ишлар ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида давомат тўлиқлиги таъминланмоқда. Икки ўқувчимиз машғулотларга сабабсиз қатнашмай келаётган эди. Аввало, уларнинг оилавий шароити ўрганилди, ота-онаси билан суҳбатлашилди, натижада таълимга жалб қилинишига эришилди.

Ёшлар ҳеч қачон назоратсиз қолмаслиги керак. Чунки ёшлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг сабаби айнан назоратсизликдир. Бугунги кунда вилоятдаги таълим муассасаларида дарс машғулотларига узрли сабабсиз келмаётган ёки мунтазам равишда қатнашмаётган ўқувчилар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан алоҳида назорат йиғма жилди юритилмоқда. Дарсга қатнашмаётганларнинг ҳар бири билан таълимга қамраб олиш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
10 661