Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 18:27 Чоп этиш версияси

Ўқувчи давомати, хулқи доимий назоратда

Cинфимиздаги Азиз исмли бола бир кун ўқишга келса, ҳафталаб йўқ бўлиб кетарди. Мактабга келганида нуқул ўткир респиратор касаллиги ёки гриппга оид тиббий маълумотнома кўтариб келарди. Кўп йиллар ўтгач, уни метрода учратдим. "Ота-онам бозорда савдо қилишарди. Уларга ёрдамлашиш баҳонасида ўшанда муттасил дарсларни қолдирмаганимда, ўқишга иштиёқ билан киришганимда мен ҳам ҳозир бошқа синфдошларим каби бирор тайинли касбнинг эгаси бўлардим", деб афсус чекканди ўшанда Азиз.

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига кўрсатилаётган эътиборнинг юксак самараларини кўриб, негадир шу синфдошим, унинг ота-онасининг бепарволиги, ўқишга совуққонлиги эсимга тушаверади. Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда мамлакатимизда янги-янги ўқув даргоҳлари барпо этилиб, ўғил-қизларнинг тўлақонли билим олиши, касб-ҳунар сирларини эгаллаши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилган.

Пайшанба – профилактика куни муносабати билан пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бундай иллатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларни муҳокама этиш мақсадида туман прокуратураси, ички ишлар идоралари вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида умумтаълим мактабларида учрашувлар ўтказилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот тизими мутасаддилари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия аъзолари томонидан мактабларда давомат тадбирлари ташкил этилиб, машғулотларга келмаган ҳар бир ўқувчининг дарс қолдириш сабаблари аниқланиб, тегишли чоралар кўриш кенг йўлга қўйилди.

Маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, педагоглар, ота-оналар иштирокида ўтказилаётган йиғилишларда фарзанд тарбиясида бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўйган ота-оналарга огоҳлантириш берилмоқда. Бундай учрашувларда "Ҳужра ортидаги ҳийлалар", "Жасоратли қадамлар", "Саробга айланган орзулар" номли ва бошқа ҳужжатли фильмлар намойиш этилаётир. Турли мавзуларга оид тарғибот материаллари электрон шаклда ўқув масканларига етказиб берилаётгани педагоглар, ота-оналар, ўқувчиларни мудом огоҳликка чорламоқда.

Амалга оширилаётган профилактик тадбирлар самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида таълим муассасаларининг ички тартибига бўйсунмайдиган ўқувчилар рўйхати шакллантирилиб, улар билан суҳбатлар олиб борилмоқда. Бебош, интизомсиз ўқувчиларни тартибга чақиришда, дарсларга мунтазам қатнамайдиган болалар ва уларнинг ота-оналари билан якка тартибда ишлашда Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, прокуратура, ички ишлар бўлимлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик ижобий натижалар бермоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Ижтимоий шериклик тўғрисида"ги қонунига мувофиқ маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ўқувчининг оилавий шароити, яшаётган хонадонидаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилмоқда. Ахир қайси ота-она тантиқ фарзандининг ношукрлигию масъулиятсизлигидан кўпчилик, маҳалла-кўй олдида изза бўлишни, уятга қолишни истайди.

Шаҳримиздаги умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчиси П. исмли қизни онасининг ўзи йўлдан ургани, номақбул йўлларга бошлаганига нима дейиш мумкин?! Қизини фирибгарлик билан мўмай пул топишга ундаган "меҳрибон" онага бола тарбиясидаги масъулиятсизлик учун миллий қонунчилигимизда қандай қатъий чоралар кўзда тутилгани тушунтирилганида унинг кўзи мошдек очилди. Энди П. барча тенгдошлари қатори ҳар куни мактабга қатнамоқда.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси маълумотларига кўра, мактабларнинг ички назоратига олинган ҳар бир ўқувчига масъул педагоглар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаоллари, профилактика инспекторлари бириктирилиб, қарийб 13 минг 800 бола фан тўгаракларига, 9 минг 600 дан кўпроғи спорт секцияларига, 3 мингдан ортиғи ўз қизиқиши бўйича касб-ҳунар йўналишидаги тўгаракларга жалб этилган. Ҳафтанинг белгиланган кунларида музейлар, санъат масканлари, театрлар, кўргазма заллари, ботаника ва ҳайвонот боғлари, бошқа масканларга саёҳатлар ташкил этилаётгани ёш авлодда юртни севиш, тинч ва осуда кунлар, навқирон авлод истиқболи учун яратилган шароитларнинг қадрига етиш, уларга муносиблик масъулиятини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 69-умумтаълим мактаби директори Қизларсора Маҳкамованинг айтишича, бу ерда кўпинча мажлисга оталар таклиф этилар экан. Натижа ёмон бўлмаяпти. 965 йигит-қиз таълим олаётган мазкур даргоҳда сабабсиз дарс қолдирувчи ўқувчилар йўқ.

– Ўқувчиларни кутиб олгач, биринчи дарснинг ўзида болаларнинг давомати аниқланади, – дейди Қ.Маҳкамова. – Ўқитувчи, мактаб етакчиси ва ҳамшира иштирокида машғулотларга келмаганларнинг ота-онаси билан телефон орқали боғланиб, боланинг нима учун дарс қолдиргани сабаби сўралади. Кўпинча ота-оналарнинг ўзлари давоматни аниқлаш ишлари бошлангунга қадар фарзандининг бетоблиги ёки шифокор қабулига олиб бориши боис синф раҳбарига қўнғироқ қилиб огоҳлантиради.

Шўхроқ, тажанг ёки асабий ўсмир болалар билан мактаб психологи томонидан якка тартибда иш олиб борилади. Мактаб атрофидаги Бўз, Олмачи, Машинасозлар, Дўстлик маҳаллаларининг фаоллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилгани болаларнинг оилавий муҳитидан ўз вақтида хабардор бўлишда, хонадонлардаги вазиятни ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёшлар камолоти, уларнинг истиқболига катта эътибор қаратилаётгани ҳар бир ўғил-қиз тақдирида ўз ифодасини топмоқда. Фарзандларимизни кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликнинг қадрига етишга, шукроналикка ўргатиш, уларда жонажон Ватанимизга муносиблик туйғусини шакллантириш ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фидойилари, кенг жамоатчилик, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 659






Все о погоде - Pogoda.uz