Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 19:08 Чоп этиш версияси

Ўт зудлик билан ўчирилди

 Ўт зудлик билан ўчирилди Тошкент шаҳридаги “Тошкент-Тола” юртимиздаги минтақавий пахта терминалларининг энг йириги. 5-сонли пахта тойларини сақлаш омборида электр симининг қисқа туташувидан ёнғин юзага келди. Қўриқчиларидан бири тезда корхонадаги мавжуд идоравий ёнғин ўчириш командасига хабар берди. Ўтни ўчиришга киришилди. Бироқ махсус аппаратларнинг етарли эмаслиги панд берди. Ўт ўчираётганлар димиқиб қолди...

Тошкент шаҳар гарнизонига берилган хабар бўйича тўрт дақиқада ёнғин ўчириш бўлими ходимлари келиб, қутқариш ва ўтни ўчиришни бошлади. Учинчи даражали бу ёнғинни бартараф этишга 12 та ўт ўчириш машинаси жалб этилди.

Бу ўқув машғулотлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти ва Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ўтказилган «Товар моддий бойликлар сақланадиган масканларда ёнғин ўчириш ишларини ташкиллаштириш» мавзуидаги сайёр-амалий семинар доирасида амалга оширилди.

“Тошкент-Тола” масъулияти чекланган жамият шаклидаги ихтисослаштирилган минтақавий пахта терминалида ўтказилган тадбирда Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўкитувчилари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳридаги муҳим ва тоифаланган объектларнинг раҳбарлари, объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар шахслар, ёнғин техник комиссиялари раислари ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари бошлиқлари, ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркиби иштирок этди.

5.JPG

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 23 майдаги ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бажарилаётган ишлар самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлаётир.

– Жорий йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бу каби сайёр-амалий семинарлар ташкил этилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари С.Зупаров. – Мақсад битта – юртимизда ёнғинга қарши ҳолатни барқарорлаштириш, ишлаб чиқариш ва турмушда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ёнғинга қарши маданиятини оширишдан иборат.

Семинарда ёнғинлар профилактикасининг илғор шакл ва усулларини жорий этиш, ёнғин ўчиришга жалб қилинадиган куч ва воситаларни бошқариш, улардан самарали фойдаланиш, ёнғин назорати ва ёнғинларни ўчириш соҳасига замонавий илмий-техника ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида маълумотлар берилди.

Сайёра Шоева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
1 628






Все о погоде - Pogoda.uz