ЎзА Ўзбек

16.05.2019 14:35 Чоп этиш версияси

Қўшработдаги қотиллик юзасидан Бош прокуратура ахборот берди

Қўшработдаги қотиллик юзасидан Бош прокуратура ахборот берди

Унда қайд этилишича, 2019 йил 15 май куни соат 13:00ларда Қўшработ тумани «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонидан «Дамас» русумли автомашина ичида Иштихон туманидаги Чимқўрғон қишлоғида яшаган, фермер хўжалиги ишчиси А.Х. (1969 й.т.), унинг турмуш ўртоғи, уй бекаси З.Х. (1974 й.т.), ўғиллари Ж.И. (1998 й.т.), А.И. (2002 й.т.) ва О.И. (2004 й.т.)ларнинг мурдалари, ҳар бирининг бош ва юз соҳаларида оғир тан жароҳатлари, яъни қотиллик аломатлари билан топилган.

Воқеа жойига зудлик билан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Бош прокуратура Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб борди.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Иштихон тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур мудҳиш жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари тун-у кун амалга оширилмоқда.

Терговнинг бориши устидан Бош прокурорнинг алоҳида назорати ўрнатилди.

ЎзА
4 326