ЎзА Ўзбек

09.08.2018 09:27 Чоп этиш версияси

Қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётига барҳам берилади

Қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётига барҳам берилади

Президент 2018 йил 8 августда “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Ушбу ҳужжат тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Фармонга мувофиқ эндиликда:

• қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ташаббусига фақатгина ушбу ташаббус билан чиқаётган органларнинг кўтарилаётган масалалар ёки муаммоларни амалдаги нормалар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал қилиш ваколати бўлмаган тақдирда йўл қўйилади;

• қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини қўллаш учун қўшимча ички идоравий ҳужжатлар (буйруқ, фармойиш ва ҳ.к.) қабул қилиш амалиётига барҳам берилади;

• қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш чоғида унга, қоида тариқасида, қонун лойиҳасини амалга оширишга доир тадбирлар режаси илова қилинади. Бунда, тадбирлар режаси Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланади;

• Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилингандан кейин алоҳида тадбирлар ва назорат режаларини, шунингдек, “йўл хариталари”ни қўшимча тарзда тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади, бу нарсалар ўша қарорнинг ўзида назарда тутилади;

• янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи айнан бир хил юридик кучга эга ҳужжатни бекор қилиш билан бир вақтда ёки унга таклиф этиладиган ўзгартишлар киритиш орқали, шу жумладан, уни янги таҳрирда баён этган ҳолда амалга оширилиши лозим.

ЎзА
8 218