Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.01.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Қўшиқлар савияси учун барча бирдек масъул. Хонанда ва бастакорлар иштирок этган тадбирда яна шу ҳақда сўз борди

Тумтароқ, матни ғализ, маънавиятимизга зид сўзлардан иборат қўшиқларга барҳам беришда наинки маданият соҳаси мутасаддилари, балки кенг жамоатчилик, энг аввало, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам масъулиятни ҳис этмоғи зарур. Хонандалар-чи?...

Миллий матбуот марказида "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 2017 йилдаги фаолияти ва жорий йилдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжуманида мазкур ижодий ташкилот фаолияти хусусида сўз юритилиши баробарида, ёшлар маънавиятини юксалтиришга барча бирдек масъул экани таъкидланди.

Мазкур тадбирга хонандалар, созанда ва бастакорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров ва бошқалар мамлакатимизда миллий санъатимизни ривожлантириш йўлидаги амалий ғамхўрликлар, кенг қамровли чора-тадбирлар улғайиб келаётган ёшларни теран тафаккур, юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялашдек мақсадларни кўзлашини таъкидлади.

Президентимизнинг 2017 йил 15 февралдаги "Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг тегишли бандига асосан "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ва "Ўзбекрақс" миллий рақс бирлашмаси негизида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ташкил этилди. Мазкур муассаса фаолияти мусиқа, хореография ва эстрада санъатини ривожлантиришга, халқимиз маънавияти, бетакрор маданиятини ёритувчи юксак савияли асарлар яратишга ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган.

2017 йил "Ўзбекконцерт" томонидан жами 2 минг 600 дан зиёд жисмоний шахсга – хонанда, сўз устаси, бошловчи, созанда, рақс ижрочиси, маъмур, овоз операторига, 23 ижодий жамоа – юридик шахсга махсус рухсатнома, лицензия берилди.

Ёш истеъдодли хонандаларнинг касбий ва маънавий камол топишига имкон яратиш, нафақадаги устоз санъаткорларнинг самарали меҳнатини, алоҳида эҳтиёжли хонандаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 28 нафар хонанда давлат божидан озод этилиб, уларга имтиёзли равишда лицензиялар расмийлаштирилди.

Ҳисобот даврида Концертлар ва томоша тадбирларини ташкил этиш эксперт комиссиясининг йиғилишларига асосан хонанда ва жамоаларга 610 та бир маротабалик концерт-томоша рухсатномаси берилган, сценарий ва концерт дастуридаги камчиликлари учун ўттизга яқин мурожаат рад этилган. Концерт дастурлари эксперт комиссияси томонидан қайтарилишининг асосий сабаблари – мусиқий дастур ташкилотчиларига бўлган ишончсизлик, аввалги концертларда йўл қўйилган жиддий хатолар ҳамда сценарийлар ғоявий савиясининг пастлиги билан боғлиқ.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ҳузурида "Ўзбекистон халқ артистлари клуби"нинг ташкил этилгани устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш, моҳир санъаткорларни болалар мусиқа ва санъат мактабларига, санъат йўналишидаги ўрта махсус таълим масканларига бириктириш, маҳорат сабоқларини мунтазам йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Миллий рақс санъатини ривожлантириш, санъаткор одоби, ахлоқи, муомала маданияти, шоир, бастакор ва хонанда ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид давра суҳбатлари мусиқа соҳасида меҳнат қилаётган ижод аҳли фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

– Президентимизнинг санъатга қаратаётган юксак эътибори ҳеч бир хонанда, созанда, бастакорни бефарқ қолдирмаяпти, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов. – Бой мусиқий меросимиз, айниқса, мақом санъатини янада равнақ топтириш, миллий рақс санъатини янги босқичга олиб чиқиш, устоз санъаткорларнинг бой ижодий тажрибасидан ёшларни кўпроқ баҳраманд этиш бўйича авваллари мисли кўрилмаган амалий ишларга қўл урилмоқда.

Матбуот анжуманида "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг янги ижодий лойиҳа ва режалари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
10 527