ЎзА Ўзбек

17.09.2018 09:13 Чоп этиш версияси

“Қорадори” тадбирида 2 килограммдан зиёд “марихуана” қўлга олинди

“Қорадори” тадбирида 2 килограммдан зиёд “марихуана” қўлга олинди

Одам ўлдириш, босқинчилик, номусга тегиш каби жиноятларнинг асосий қисми гиёҳвандлик воситалари таъсирига тушган шахслар томонидан содир этилмоқда. Ақли заиф ёки жисмоний нуқсон билан туғилган болалар ҳам гиёҳвандликнинг меваси.

Инсоният бу хавфдан қутилиш учун гиёҳвандлик ва наркотик моддалар савдосига қарши қанчалик курашмасин, бу барҳам топмаётгани аянчли. Гиёҳванд моддалар савдосидан келадиган фойда айримлар учун ҳамон даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Бундай ҳолатларга қарши курашиш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Қорадори” тадбири давом эттирилмоқда.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ўтказилаётган “Қорадори-2018” кенг қамровли тадбирида 2 килограммдан ортиқ “марихуана” гиёҳвандлик моддаси қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлиги Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбир давомида “Матиз” автомашинаси тўхтатилиб, текширилган. Ангрен шаҳрида яшовчи А.А. бошқарувидаги автомашинадаги шубҳали кўринган йўловчилар А.Т. ва Г.Р.нинг юклари текшириб кўрилганда, иккита целофан пакетдан 2 килограмм 78,24 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган ва далилий ашё сифатида олинган.

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА
2 362