Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 12:44 Чоп этиш версияси

“Қора олтин” васвасаси

Мамлакатимиз божхона чегаралари орқали нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг яширин равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудудда ноқонуний айланиши амалдаги тартибларга зиддир. Шу сабабли бундай ҳаракатларнинг олдини олиш борасида божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ҳамкорликда тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Навоий вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят божхона бошқармаси ходимлари ва ички ишлар идоралари вакиллари ҳамкорлигида Кармана туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Аллаёров бошқарувида бўлган юк автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилди. Текширув жараёнида автомашина юкхонасида 10 дона 200 литр сиғимли металл идишларга солинган 1 минг 950 литр бензин ёқилғиси ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди.

Кармана тумани маъмурий судининг қарорига кўра, далилий ашё сифатида олинган 1 минг 950 литр бензин ёқилғиси ҳамда 10 дона металл идиш давлат фойдасига мусодара қилинди. Фуқаро А.Аллаёровга нисбатан эса қонунчиликда белгиланган миқдорда жарима жазоси тайинланди.

Худди шундай қонунбузарлик фуқаро Б.Ғайбуллаев томонидан ҳам содир этилган. Унинг бошқарувидаги “ISUZU” русумли юк автомашинасида бошқа товарлар остига 24 дона 200 литр сиғимли металл идишда 5 тоннага яқин бензин маҳсулоти яширилгани маълум бўлди.

Фуқаролар Д.Ўроқов ва М.Нурмуродовлар бошқарувидаги автомашиналар ҳам тўхтатилиб кўздан кечирилганда, ҳар иккала автомашина юкхонасида турли товарлар остида яширин тарзда 6 минг 100 литр бензин ноқонуний равишда олиб кетилаётган экан.

Ҳозир ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари ҳамкорлигида аниқланган қонунбузарлик ҳолатларида қарийб 13 минг литр бензин ёқилғисининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 469






Все о погоде - Pogoda.uz