Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 12:13 Чоп этиш версияси

187 нафар масъул шахсга жарима чораси қўлланилди

187 нафар масъул шахсга жарима чораси қўлланилди Сирдарё вилоятида ҳар ҳафта чоршанба кунлари ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси тадбирлари корхона-ташкилот ва муассасалар, аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, бу борада фуқароларнинг ҳушёрлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан туман ва шаҳарларда маҳаллий ҳокимликлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллалар, ташкилот, корхона ва муассасаларда профилактик тадбирлар ўтказилди.

– Ёнғин профилактикаси тадбирлари доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 26 минг 430 аҳоли хонадони, 403 давлат тасарруфидаги ташкилот ва 14 тадбиркорлик субъектининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди, – дейди Сирдарё вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари, капитан А.Ғозихўжаев. – Тадбирлар давомида ёнғин хавфсизлиги ва унинг олдини олиш бўйича уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан бирга жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Ҳал қилиш имкони бўлмаган муаммолар ёзма равишда, аниқ муддати белгиланиб, тегишли мутасаддиларга етказилди.

Айни пайтда мамлакатимизда деҳқонларимиз томонидан етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб, қабул пунктларига етказиш муҳим вазифадир. Ушбу қимматбаҳо хомашёни ёнғин хавфидан асраш мақсадида пахта қабул қилиш пунктларида амалга оширилган ишлар вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари ходимлари томонидан доимий назоратга олинган.

Профилактика куни давомида вилоятдаги 6 пахта тозалаш заводи, 27 пахта қабул қилиш пунктида бу борадаги тайёргарлик ишлари ўрганилди. Натижада айрим корхоналарда муаммолар мавжудлиги аниқланди ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Аҳоли уй-жойларида, корхона-ташкилот ва муассасаларда ўрганиш якунлари кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил этилиб, хавфсизлик қоидаларига зид ҳаракатларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Давлат тасарруфидаги 60 га яқин масканнинг ёнғинга қарши ҳолати бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан раҳбарларга ёзма кўрсатмалар берилди.

Ўрганиш хулосаларига кўра, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 5 минг 600 дан зиёд хонадонда камчиликлар аниқланиб, уларнинг 4 минг 483 таси жойида бартараф этилди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 187 нафар масъул шахсга нисбатан 7 миллион 735 минг сўмдан зиёд жарима чоралари қўлланилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 21 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 186 носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

Бу каби профилактика тадбирлари натижасида вилоятда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилди.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
1 883






Все о погоде - Pogoda.uz