Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2018 17:38 Чоп этиш версияси

Ўғлим билан фахрланаман

Конституциямизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган.

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Саримой массивида яшовчи Сайёра опа Ражабовага туман хотин-қизлар қўмитасидан қўнғироқ қилиб, Тошкент вилояти Чирчиқ туманида ҳарбий хизматни ўтаётган ўғли Зокиржон кўрсатган фаоллиги сабабли уни вилоят марказида аскар оналари учун ёзиладиган байрам дастурхонига таклиф қилишганида "Ишончимни оқлаётган ўғилгинамдан айланай", деб қўйди пичирлаб. Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Аскар оналарини шарафлаймиз!” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда ўғли ҳақида мақтовлар эшитганида она қувончдан кўз ёшларини тия олмади.
 
Вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир-ёзувчилар, санъаткорлар, ҳарбий хизматчилар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг ота-оналари, дўстлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдукаримова ва бошқалар мамлакатимиз суверенитети ва чегараларимиз дахлсизлигининг кафолати бўлган миллий армиямизда ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга барча шароит яратиб берилганини таъкидлади. Бу юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш ва халқимиз фаровонлигини оширишда юксак самаралар бермоқда.

– Ўғлим ватанпарвар бўлиб улғайганидан фахрланаман, – дейди урганчлик Нилуфар Ғойипова. – Ҳеч бир она ўз фарзанди ёмон бўлишини истамайди. Аммо фарзандга тўғри тарбия бериш ҳам ота-онадан катта масъулият талаб этади. Бугунги тадбир ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Тадбирда аскар оналарига эсдалик совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.


А.Шокиров, ЎзА
7 744