Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2018 17:32 Чоп этиш версияси

Қўлбола жувозда тайёрланган мойнинг сифати талабга жавоб берадими?

Мамлакатимизда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш жараёни доимий равишда тегишли назорат органлари томонидан ўрганиб борилади. Чунки, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришда йўл қўйилган ҳар қандай хато инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши тайин.

Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган В.Болтаев ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйди. Ўз уйида ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўлбола мойжувоз ускунасини ўрнатди. Ноқонуний йўллар билан бўлса-да, бойлик орттиришни кўзлаган ушбу шахс лаборатория назоратидан ўтмаган, истеъмол учун мутлақо яроқсиз бўлган ўсимлик ёғини ишлаб чиқара бошлади.

Туман ички ишлар бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорликда 2018 йил 5 февраль куни ўтказган тезкор рейд чоғида фуқаро В.Болтаев ўз уйида “айни иш устида” ушланди.

Рейд якунида мойжувоз ускунаси ҳамда 395 килограмм пахта чигити, 47 килограмм кунжара ва 127 килограмм пахта ёғи ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилди.

Бир қонунбузилиши кейингисига йўл очиб беради, деганларидек, текширув жараёнида фуқаро В.Болтаев нафақат қўлбола мойжувоз ўрнатиб, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқараётгани, балки мойжувозни ишлатиш учун электр энергиясидан ҳам ноқонуний фойдаланаётгани аниқланди. Ушбу ҳолат тегишли мутахассислар томонидан ўрганилганда “уддабурон" жувозчи давлатимиз иқтисодига қарийб 27 миллион сўмлик зарар етказишга ҳам улгурган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
3 507